2018 йилда «Локомотив», «Пахтакор», ОКМК, «Металлург», «Бухоро» ва «Қўқон-1912» клублари натижа кетидан қувиб, юлдуз футболчилар учун катта чиқимлар қилди. Бироқ мана шу давр ичида улар ўз футбол академиясини ташкил қилиб улгурмади, деб хабар беради ЎФА сайти.

ЎФА 2017 йил охиридан бошлаб Суперлига футбол клубларини академия масаласида огоҳлантириб келди. Давлат корхоналари томонидан молиялаштириб келинган клублар аслида 2007 йилдан бошлаб ўз академияларига босқичма-босқич эга бўлиб бориши белгилаб қўйилган. Аммо орадан 12 йил вақт ўтса-да, бир қанча клублар ҳукуматнинг бу талабини бажармаган. Ҳозиргача фақат «Насаф» ва «Бунёдкор» футбол академиялари қониқарли фаолият олиб борди. «Машъал» ва «Шўртан» футбол академиялари эса йилдан-йилга издан чиқиб борган.

2018 йилга келиб, мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев қарори билан 14та футбол академияси ЎФА қошида ташкил этилди. 

ЎФА ўз қарамоғида бўлган футбол академияларини босқичма-босқич футбол клубларига беради. Айни вақтда ҳукумат 14та футбол академиянинг ҳар бирига 2,5 миллиард йиллик смета ажратаётган бўлса, ўз футбол академиясига эга бўлмаган клублар 2019 йилда шунинг тенг ярми — 1,25 миллиард сўм билан футбол академияларига шерикчилик қилиши кўзда тутилган. Шунда футбол академияси йиллик 3,75 миллиард сўмга эга бўлади. Бу маблағлар моддий-техник базани мустаҳкамлаш, малакали кадрларни жалб қилиш, футбол академияси тарбияланувчиларининг талаб қилинган даражада овқатланиши, тиббий муолажалари ва бошқа мақсадларга йўналтирилади. 2020 йилга келиб футбол клублари давлат корхоналаридан олаётган маблағларидан энди 2,5 миллиард, яъни, давлат ажратаётган улуш билан тенг миқдорда футбол академияси учун жалб қилишлари керак бўлади. 2021 йилга келиб футбол клублари 3,75 миллиард сўмни бевосита футбол академияси йўналтиради ва 2022 йилга келиб бу миқдор 5 миллиард сўмга етказилади.

2019 йилга келиб юқорида номи кўрсатилган Суперлиганинг олти клуби яна эски баҳоналар билан чекланяпти. Аммо энди қарор қатъий. ЎФА уларнинг келажакдаги режаларини ҳурмат қилади, бироқ клубларни мусобақага қўяётганда уларнинг академия бўйича талабларини жиддий назорат қилади. Йиллик 30 миллиард сметага эга клубларнинг футбол академияси учун 1,25 миллиард сўм ажрата олмаслигини тушуниш қийин. Аслида клублар фақатгина шу суммани биргина футболчини қўлга киритиш, уни икки шартномага қўл қўйдириш учун бўлган курашларга ҳам сарфлаб юборади.

Айни вақтда 6та клуб бу талабларни бажармаган. Воқеалар ривожи шу тарзда давом этса, улар Суперлига учун бўлган 600 миллионлик бадал пули ёнига 1,25 миллиард сўмни тўлабгина чемпионатга қўшилади. ПФЛ уларнинг айримлари учун ваъда қилинган мукофот пулларини шунинг ҳисобидан қоплаб беради. Ортганини эса болалар ва ўсмирлар футбол академияларига ўтказиб беради. Йўқса, юқорида номлари қайд этилган футбол клублари Суперлигадан четлаштирилади. Улар қандай натижалар қайд этган бўлмасин, энди ўзбек футболи ўз-ўзини алдамайди. Давлат корхоналари ажратаётган пулларнинг мақсадли сарфланиши ё назорат қилиниши ёки биз ўз-ўзимизни алдашда давом этишимиз керак.