2018 йилнинг 4 январь кунини Бухоро вилояти Ғиждувон тумани «Зарангари» ҚФЙ Пахтакор қишлоғида истиқомат қилиб келаётган 18 ёшли Севинч ҳеч қачон унутолмаса керак. Оиланинг якка-ю ягона фарзанди шу куни онасидан ажралиб қолганди…

Она — 1973 йилда туғилган, Ғиждувон туманидаги 10-мактабда 26 йилдан буён бошланғич таълим ўқитувчиси сифатида ишлаб келган Гулмира Нуриддинова 2017 йил 27 декабрда — мактабда қишки таътил бошланганидан фойдаланиб, саломатлигини бироз тузатиб олиш мақсадида, Қуйи Маҳалла қишлоғидаги ўзи ишлайдиган 10-мактабнинг ёнида, фуқаро С.Х.нинг уйида унинг рафиқаси М.Х. номига очилган ЯТТ шаклидаги хусусий клиникага даволанишга боради.

Унга мазкур хусусий шифохонада ётиб муолажа олиш буюрилади. Ва шундай ҳам бўлади. 2018 йил 3 январь куни кечқурун Г.Нуриддинованинг турмуш ўртоғи Раҳмат Муҳаммедов ундан хабар олишга боради.

Гулмира Нуриддинова эрига «мени бу ердан олиб кетинг», дейди. Лекин шифокор С.Х.нинг қизи С. бир пайтлар ўзини ўқитган ўқитувчисини уйда очилган шифохонада қолишга кўндиради. «Сиз билан бирга ётаман, ўзим қарайман», дейди собиқ ўқувчи.

Эр бўлмиш Р.Муҳаммедов қизга ишонганича шу куни уйига қайтиб кетади…

Эртаси куни — 4 январь тонгида шифокор С.Х. негадир орқа давлат рақам белгиси ечилган «Каптива» машинасида Гулмира Нуриддинованинг уйига келиб, у йўқолиб қолганини билдиради.

Алҳол, қариндош-уруғ уни қидиришга тушиб кетади. 4 январь куни кундузи соат 11лар чамаси «Ҳавзак» МФЙ, Хўжалар қишлоғидан ўтувчи Ғиждувон-Шофиркон йўли ёқасидаги Катта Жаъфари ариғининг ичидан Нуриддинованинг жасади топилади.

Г.Нуриддинованинг жасади топилган жой

Уни кийимлари билан ариқ ичидан чиқариб олишади. Қулоғида бир дона зираги ва оёғида битта шиппаги йўқ бўлган.

Марҳуманинг отаси Фазлиддин бобо Нуриддинов қизининг, унинг турмуш ўртоғи Раҳмат ака ўз рафиқасининг, ўғил Севинч эса онаизорининг ўлимига нима сабаб бўлганини аниқлаш учун шунча вақтдан буён овора-ю сарсон.