Жаҳон | 08:38 / 21.02.2019
23830
2 дақиқада ўқилади

Порошенко Донбассдаги фалокат ва Россия танклари сони ҳақида гапирди

Фото: Global Look Press

Украина президенти Пётр Порошенконинг БМТ Бош ассамблеясидаги мунозаралар вақтида маълум қилишича, отишмалар туфайли зарар етиши мумкин бўлган эҳтимолий хавфли объектлар Донбассдаги туташ чизиқда жойлашган. Президентнинг сўзлари УНИАН томонидан келтирилди.

Порошенконинг таъкидлашича, Донбассдаги туташ чизиқда «бир қатор эҳтимолий хавфли объектлар мавжуд». Бироқ, у гап айнан қандай объектлар ҳақида бораётганига аниқлик киритмади.

«Мунтазам отишмалар туфайли ушбу объектлар экологик ва техноген фалокат марказига айланиши мумкин», - дея қайд этиб ўтди Порошенко.

Шунингдек, Пётр Порошенконинг маълум қилишича, Донбассда «Россиянинг қуролланган тузилмалари» 496та танкка эга. 

Унинг сўзларига кўра, бундай сондаги танклар Германия, Франция, Испания ёки Италиядаги худди шундай жанговар машиналар миқдоридан кўпдир. Порошенконинг таъкидлашича, Украина бу кучларни ушлаб турибди ва шунинг учун «озодлик ҳамда демократия»ни ҳимоя қилаётган, «НАТОнинг ҳақиқий шарқий қаноти» ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Порошенко Россияни СССРнинг «иккинчи версияси»ни яратишга уринишда айблаганди.

Мавзуга оид