Жамоатчилик фикрининг тизимли мониторингини таъминлаш ҳамда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида унинг натижаларидан фойдаланиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг "Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.

Унга кўра, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази - “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (кейинги ўринларда “Ижтимоий фикр” маркази деб юритилади) этиб қайта номланди.

Фармон билан “Ижтимоий фикр” марказининг асосий вазифалари белгилаб берилди:

а) қуйидагиларда:

·      давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида, давлат ва жамият қурилишида – демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини янада кучайтиришга, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар;

·      суд-ҳуқуқ соҳасида – қонун устуворлигини таъминлашга ва инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга йўналтирилган ислоҳотлар;

·      иқтисодиётда – унинг рақобатбардошлигини оширишга, тармоқларни модернизация қилиш, либераллаштириш ва диверсификация қилишга, давлатнинг иқтисодий жараёнларда иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни амалга ошириш сифатини аниқлаш ва ўрганишга, хусусий мулкчилик ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга йўналтирилган ислоҳотлар;

·      ижтимоий соҳада – аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга, унинг бандлигини таъминлашга, реал даромадларини оширишга ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтиришга, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, маданият, санъат, спорт, илм-фан ва бошқа йўналишларнинг сифатини оширишга, давлатнинг ёшларга оид сиёсатини ва арзон уй-жойлар қуриш дастурларини амалга ошириш чора-тадбирларини бажаришга йўналтирилган ислоҳотлар;

·      хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, шунингдек, ташқи сиёсат соҳаларида – мамлакат мудофаа қобилиятини, фуқаролар ўртасида ва динлараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлашга, ташқи сиёсат соҳасидаги фаолият самарадорлигини янада оширишга йўналтирилган ислоҳотлар тўғрисидаги жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиш;

·      б) фуқаролар дунёқарашини шакллантиришнинг асосий йўналишларини, уларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ахлоқий, ҳуқуқий онги ҳолати ва мазмунини белгилаш, аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий маданияти даражасини ўрганиш ва уларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш;