Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3578-сон, 2018 йил 13 июлдаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3852-сон, 2018 йил 4 сентябрдаги “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3929-сон, 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3978-сон ва 2018 йил 24 ноябрдаги “Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4028-сон қарорларига мувофиқ, шунингдек, “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида узлуксиз ишлаб чиқариш жараёнини таъминлаш, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўқув жараёнини оптималлаштириш мақсадида қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5368-сон Фармони 5-банди учинчи ва тўртинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“давлат мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари жисмоний тарбия ўқитувчилари (инструкторлари) туман (шаҳар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари билан келишган ҳолда тегишли таълим муассасалари раҳбарлари томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ўқитувчилари (кафедра мудирлари) олий таълим муассасалари раҳбарлари томонидан Вазирлик вакили иштирокида белгиланган тартибда ўтказиладиган танлов натижаларига кўра лавозимига тайинлади ва лавозимидан озод этилади”.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон фармони билан тасдиқланган Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатининг рус тилидаги матнида:

16-позициянинг “Контролирующий орган” устунидаги “Государственным комитетом Республики Узбекистан по геологии и минеральным ресурсам” сўзлари “Инспекцией по контролю за горно-геологической деятельностью при Государственном комитете Республики Узбекистан по геологии и минеральным ресурсам” сўзлари билан алмаштирилди.