Ҳукумат қарори билан Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Адлия вазирлиги телеграм каналида ёзилишича, низомга мувофиқ уй жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларни ҳисобга олиш, навбатни белгилаш ҳокимликлар ва тасарруфида идоравий уй-жой фонди бўлган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси бир кишига 16 квадрат метрдан, ногиронлар учун эса 23 квадрат метрдан кам бўлмаслиги лозим.

Қуйидагилар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб ҳисобланади:

• турар жойи бўлмаган ёки яшаш учун яроқсиз уй-жойларда яшовчилар;

• ҳар бир оила аъзоси учун уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам майдон тўғри келадиганлар;

• ётоқхоналарда, ишлаб чиқариш ва хизмат хоналарида яшовчилар;

• қариндошлик алоқалари бўлмаган икки ва ундан ортиқ оила бир бўлиб квартирада яшовчилар;

• айрим сурункали касалликларга чалинганлар;

• уй-жой ажратилаётган аҳоли пунктида камида 3 йил яшаётган фуқаролар.

Қуйидаги фуқароларга аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жой берилади:

• 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва байналминал жангчилар;

• шартнома бўйича ҳарбий хизматдан захирага бўшатилган ёки истеъфога чиққан ҳарбий хизматчилар;

• оғир сурункали касалликларга чалинганлар;

• 16 ёшгача етти нафар ва ундан зиёд болалари бўлган оилалар;

• чин етим болаларни васийликка олган оилалар;

• уч нафар ва ундан кўп меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари бўлган, боқувчисини йўқотган оилалар;

• ишламайдиган I ва II гуруҳ ногиронлари;

• кексайиб қолган ёлғиз пенсионерлар;

• болаликдан ногирон бўлиб қолган 16 ёшгача ёки болаликдан I ва II гуруҳ ногирони бўлиб қолган болалари бор оилалар.