Ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек туманидаги «Светлана» дўкони орқасида жойлашган уйларнинг бузилиши ҳақида маълумот пайдо бўлди.

Бундан ташқари, фойдаланувчиларнинг хабар беришича, «Бўз бозор» бозорини ҳам бузиш режалаштирилган.

Сайрам кўчаси Мирзо Улуғбек туманида, «Буюк ипак йўли» (собиқ Максим Горький) метро бекати яқинидаги «Светлана» дўкони ортида жойлашган.

Кўча бўйлаб бир нечта бир қаватли, икки қаватли ва кўп қаватли уйлар, корхона, бозор, дўконлар, умумий овқатланиш жойлари, бекатлар ва ҳоказолар жойлашган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, «Светлана» дўкони ортидаги барча кўп қаватли уйлар ҳамда бошқа объектлар бузилмайди. Бунда икки қаватли уйлар истисно саналади.

Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги вакилларининг маълум қилишича, маҳаллий бозор ҳам бузилмайди. «Бўз» бозорида реконструкция ишлари олиб борилади.

Бозор маъмуриятининг вакили ҳам Kun.uz мухбирига ҳеч қандай «снос» бўлмаслигини тасдиқлади.

«Бозор ўз жойида қолади. Реконструкцияни режалаштирмоқдамиз. Бозор олдининг ўрнига машиналар учун тураргоҳ пайдо бўлади. Бозор олдида жойлашган барча дўконлар кўчирилади. Умуман олганда, бозорни янгиланиш кутмоқда. Биз маҳаллий аҳоли учун қулайликлар яратиш ниятидамиз», - деди у.

Бўз бозор яқинидаги икки қаватли уйларда яшовчи фуқароларнинг маълум қилишича, бузилиш ҳақида эшитганлар, бироқ ҳозирча ҳеч ким уларга расман мурожаат қилмаган.

«Ҳа, биз бузилиш ҳақида эшитдик, аммо ҳозиргача ҳеч ким менга мурожаат қилмади. Биз хабарнома олмадик, ҳозирги кунга қадар ҳеч қандай йиғилиш бўлмади», - дейди фуқаролардан бири.