Футбол тизимларида умумий, ҳамма учун тўғри қабул қилинадиган қоидалар мавжуд. Аммо баъзида бу қоидалар ҳар доим ҳам ишламайди ва бошга балки тескари йўлдан бориш керакмикин, деган хаёллар келади. Балки бизнинг ҳолат, вазият ва шароитлар бироз бошқача хулосаларга сабаб бўлар? Бу ҳақида ўйламай туриб самарали ечимлар топишнинг иложи йўқ, назаримда.

Сўнгги пайтларда «давлат корхоналари томонидан молиялаштириладиган футбол клублари» деган иборани кўп ўқияпман. Бу тушунча асосан Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси ёки ПФЛ расмий хабарларида учраб турибди. Айнан қайси клублар давлат корхоналари, яъни давлат томонидан молиялаштирилаётгани аниқ айтилмаса-да, бундай клублар учун алоҳида қоидалар ҳақида ҳам сўз боради. Масалан, «2020 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг давлат корхоналари томонидан молиялаштириладиган футбол клубларида кўтарма пули бериш тўхтатилади», дейилади шу йилнинг 15 февраль куни чиққан расмий хабарда.

Демак, футбол клубларини молиялаштиришга давлат корхоналари масъул қилиб қўйилган ва давлат футболни ижтимоий соҳаси сифатида кўради ва уни ривожлантиришга тўғридан-тўғри бюджетдан бўлмаса ҳам, ўз улуши бор корхоналар орқали пул сарфламоқда. Содда қилиб айтганда, бундан бир неча йил олдин, футбол жар ёқасига келиб, маҳаллий ҳокимиятлар ёки корхоналар футболга пул сарфлашдан қочаётган бир пайтда, Президент қарори чиқади ва у ерда футболни молиялаштириш ҳақида сўз боради. Жумладан, мамлакатимиздаги давлат улуши бор деярли барча катта корхоналарнинг номи тилга олиниб, уларга ҳудудлардаги футбол жамоаларини қўллаб-қувватлаш вазифаси топширилади. Мисол учун, ОКМК Олмалиқдаги футбол клубини, Бекободдаги завод «Металлург»ни, нефтчилар ҳам бир неча клубни сақлаб қолишлари керак бўлади. Мана шу тизим ҳозир ҳам амалда.

Энди биринчи абзацдаги гапга қайтамиз, нега ПФЛ ёки ЎФА клубларнинг сметасига, қайси футболчига неча пул тўлаши-ю, кўтарма пулларига аралашмоқда? ПФЛнинг жавоби маълум – «биз давлат корхоналари пул бераётган клубларга аралашяпмиз, улар пулларни тўғри сарфлашини, ўзаро келишиб, футбол учун берилган пуллар талон-тарож қилинмаслигини назорат қилмоқчимиз».

Масалан, бир клуб бир футболчисини иккинчи клубга сотса, унинг трансфер нархини ҳам ПФЛ назорат қилар экан. «Футболчи арзонга сотилмаслиги керак, унга қилинган харажат қопланиши керак», демоқда ПФЛ. Бу ерда яна «ўғрилар овланяпти», «ўша клуб раҳбари 100 миллионлик футболчисини 50 миллионга сотиб, қолган пулни нақд, ўзининг чўнтагига урмасин, давлат молиялаштираётган клуб даромад кўрсин», деган фикр бор ПФЛда. Лекин, қизиғи, шунақа бўлиши мумкин деб, барча учун чеклов қилиб бўлмайди-ку, тўғрими? Балки клуб ўша футболчига осон бўлиши, анча вақт шу жамоада ўйнаганини ҳисобга олиб, арзонроққа сотишга рози бўлиши ҳам мумкин-ку?

Масалан, Робин ван Персини «МЮ» жуда арзон нархга сотишга розилик берганди. Унинг маоши катталигидан келиб чиқиб, қимматроқ нарх тўлаш харидор учун оғирлик қиларди, трансферни қийинлаштирарди. «Юнайтед» барибир ўйнатмаётган футболчи учун баланд нарх қўйиб, катта ойлик тўлаб юришдан воз кечди ва ҳар икки томон учун ҳам қулай нарх белгиланди. Бу нарх трансфермаркетдаги нархдан анча арзон эди.