Ўзбекистон Республикаси президенти “Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид чора-тадбирларни тизимлаштириш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Фармон билан устувор халқаро рейтинг ва индексларни комплекс равишда кўриб чиқиш ва яхшилаш борасида ижро самарадорлигини ошириш ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан олиб борилаётган тегишли чора-тадбирларни тизимли мувофиқлаштириш лозимлигини инобатга олган ҳолда:
Устувор халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашни мувофиқлаштириш бўйича комиссия тузилди;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тузилмасига халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари лавозими киритилди;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тузилмасида бошқарув ходимларининг сони қўшимча 10 та штат бирлигидан иборат Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилади ва юқори малакали кадрлар билан тўлдирилиши таъминланади.
Белгилаб қўйилишича:
а) Комиссия халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича ишларни амалга ошириш доирасида:
ҳар ойда камида бир маротаба йиғилади;
мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун устувор йўналишларни белгилаб беради ва амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириб боради;
тегишли қарорлар қабул қилади ва уларнинг ижросини вазирлик ҳамда идоралар томонидан сифатли ва тўлиқ бажарилишини таъминлайди, шунингдек, уларнинг ойлик ҳисоботларини эшитади;
Ўзбекистон Республикаси Президентига амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ойда камида бир маротаба ҳисобот тақдим этади;
б) молия вазири ўринбосари:
халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш борасида мутасадди вазирлик ва идораларнинг мувофиқлаштирилган ўзаро ҳамкорлигини, уларга юклатилган вазифаларни самарали ва сифатли бажариш учун услубий ва консультатив ёрдам кўрсатишни таъминлайди;

















