Ўзбекистон | 12:20 / 15.03.2019
48975
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 270та нефть ва газ конлари очилган ​—​ расмий

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 5та нефтгазли (Устюрт, Бухоро-Хива, Ҳисор, Сурхондарё ва Фарғона) ва 4та нефть ва газга истиқболли (Хоразм, Ўрта-Сирдарё, Марказий-Қизилқум ва Зарафшон) минтақалари ажратилган ҳамда уларда 270та нефть ва газ конлари очилган.

15 март куни ташкил этилган «Янги конларни очиш орқали углеводородлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнига замонавий технологиялар ва ускуналарни жорий этиш борасида белгиланган чора-тадбирлар» мавзусидаги матбуот анжуманида шу ҳақда маълумот берилган.

Таъкидланишича, сўнгги икки йилда 11та нефть ва газ конлари очилиб, углеводород хом-ашё захиралари ўсган.

«Президент қарори билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, 2019 йилда 2D ва 3D сейсмик-қидирув ишларини ўтказиш, 16та янги объектни бурғилашга тайёрлаш, 15та янги майдонда бурғилаш ишларини бошлаш ва 85та излов-қидирув қудуқларини қурилиши билан тугатиш режалаштирилган», — дейилади ​«Ўзбекнефтгаз» АЖ хабарида.

​Маълумот учун, бугунги кунда «Ўзбекнефтгаз» АЖ қарашли корхоналар томондан 154та конда углеводород хом-ашёси қазиб чиқарилади. Охирги икки йилда янги Бесқалъа, Қуйи Сурғил, Учтепа, Чордарбоза Миркомилқудуқ, Саватли, Шимолий Сузма, Жайрон, Тегирмон, Ғарбий Тегирмон ва Узуншор конлари ўзлаштирилиб, ишга қўшилди ва 148та янги қудуқлар бурғиланган.

Мавзуга оид