Жаҳон | 08:02 / 22.03.2019
8649
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Трамп маъмурияти Тайванга 60та F-16’ни сотиб олишга рухсат берди

Фото: Akhtar Soomro/Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Тайваннинг 60та F-16 қирувчи самолётини сотиб олишига «индамай рози бўлди», дея хабар беради Bloomberg манбаларга таянган ҳолда.

Таъкидланишича, Трампнинг ёрдамчилари Тайвань расмийларига қирувчиларни сотиб олиш учун расмий мурожаат билан чиқишни маслаҳат беришган, улар буни «шу ойда» амалга оширишган. Энди, агентликдан қўшимча қилинишича, Давлат департаменти ва Пентагон 30 кун ичида келишувни маъқуллаши ёки тўсиб қўйиши керак бўлган конгрессга расмий сўров юбориши лозим.

Bloomberg’дан тахмин қилишларича, қирувчи самолётларни сотиш Тайванни ўз провинцияси деб ҳисоблайдиган Хитойнинг «жиддий» норозилигига сабаб бўлиши мумкин. Мақола муаллифлари, АҚШ бу келишувдан Хитой билан «мураккаб» савдо музокараларида «асосий қарта» сифатида фойдаланиши ёки бу фақат Тайвань билан муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича қадам экани борасидаги саволга жавоб қайтаришмаган.

Шунингдек, агентликдан эслатишларича, 2011 йилда АҚШ собиқ президенти Барак Обама маъмурияти Хитой билан муносабатлар кескинлашишидан ташвишланиб, худди шундай шартнома бўйича Тайванга рад жавоби берганди.

Бундан олдин, Хитой қирғоқларида АҚШ ҳарбий кемалари пайдо бўлгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид