Жамият | 18:41 / 08.04.2019
10052
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган аёллар учун икки шелтер иш бошлади

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек ва Бектемир туманларида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари (шелтерлар) очилди. Республика Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизматининг Kun.uz'га хабар беришича, мазкур шелтерлар Бектемир-Миробод-Яшнобод ҳамда Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманлараро реабилитация марказлари саналади.

Президент қарори асосида ташкил этилган Марказларда халқаро тажрибаларга таянган ҳолда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга ўз вақтида манзилли ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш, ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймаслик ва унинг олдини олиш каби ишлар амалга оширилади.

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати

Марказларда зўравонлик қурбонига айланган аёллар учун шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, зарурат бўлганда, уларга қўшимча ёрдам кўрсатиш ишлари ташкил этилган. Шунингдек Марказ фаолияти доирасида аёлларни у ёки бу касбга тайёрлаш бўйича ёрдам кўрсатилади.

Худди шундай реабилитация марказларини Сергели-Яккасарой, Шайхонтоҳур-Олмазор, Учтепа-Чилонзор туманлараро марказлари сифатида очиш режалаштирилган.

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати
Фото: Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати

Шелтерлар жойлашган аниқ манзиллар аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сир тутилади.

Оғир аҳволдаги аёлларга ёрдам бериш мақсадида Республика доирасида ягона қисқа 1146 рақамли ишонч телефони ишга туширилган.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид