Жамият | 16:05 / 13.04.2019
20250
2 дақиқада ўқилади

Мактаб электриги ўқувчи ўлимига сабабчи бўлди

Иллюстратив фото

Тошкент шаҳри Юнусобод тумани очиқ суд мажлисида тумандаги 2-сонли Болалар-ўсмирлар спорт мактаби электриги Б.Р. иши кўрилди, деб ёзмоқда ЖИБ Юнусобод туман суди судьяси Аббосхон Шомаҳмудов «Ҳуқуқ» нашрида.

Б.Р. мактабда электр хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган шахс сифатида сузиш бассейнига ўрнатилган ҳаво намлигини қуритиб ва иситиб берувчи «CHKA WAI» электр қурилмасини норматив тарзда белгилаб қўйилган қоидаларга мос ва уларга риоя қилган ҳолда техник эксплуатация қилишга жавобгар бўлса-да, вазифасига нисбатан бепарво муносабатда бўлган. Яъни электр қурилмасининг ташқи қобиқ қисмидан ерга уланиш ишлари бажарилмагани натижасида қурилмага келадиган электр токи ташқи ҳудудга тарқалиб, сузиш бассейнида машғулотлар билан шуғулланувчи ўсмирлар ҳаётига хавф солувчи манбага айланган. Бу эса бир инсоннинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлди.

Спорт мактабининг сузиш бассейнида шуғулланаётган мактабнинг 11 ёшли ўқувчиси Ж.Ю. бассейндан чиқиб, электр қурилмасининг олдига келганида сузишда фойдаланадиган кўзойнаги ерга тушиб, сирпаниб, қурилманинг тагига кириб кетади. Ўсмир йигитча электр қурилмаси остидан кўзойнагини олмоқчи бўлганида уни электр токи уриб, кўрсатилган биринчи тиббий ёрдамга қарамасдан, шу ернинг ўзида вафот этган.

Б.Р. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 116-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 72-моддасига асосан тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазоси шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди.

Мавзуга оид