18:55 / 18.04.2019
34071

Олтин Ўзбекистоннинг асосий экспортига айланди

Фото: montsame.mn

2019 йилнинг биринчи чорагида олтин Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулотига айланди. Бундан Давлат статистика қўмитаси маълумотлари дарак беряпти.

Январь-март ойларида экспорт ҳажми 4,1 млрд долларни ташкил этди, ундан 1,2 млрд доллари ёки умумий тузилмадан 29,8 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келди. Иккинчи ўринда энергия ташувчилар ва нефть маҳсулотлари - 751 млн доллар (18,2%), учинчи - хизматлар 666 млн доллар (16,1%). Пахта толаси 110 млн долларга (2,7%), тўқимачилик маҳсулотлари 116 млн долларга (8,9%) сотилди.

Бундан олдин, сўнгги уч йил ичида Ўзбекистон 220 тонна олтин экспорт қилгани маълум бўлганди. Олтин экспорти 2016 йилда 70 тоннани ташкил этган. Қиймат жиҳатидан бу 2,7 млрд доллардан ортиққа тенг. 2017 йилда қимматбаҳо металл экспорти 80 тоннани ёки 3,1 миллиард долларни ташкил этди.

2018 йилда Ўзбекистон 70 тонна олтинни 2,9 млрд долларга экспорт қилди (Давлат статистика қўмитаси маълумотлари). Марказий банк ҳисоботига кўра, товарлар экспорти ҳажми 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ошди. Шу билан бирга, олтиннинг қиймати (умумий экспорт ҳажмидан 25,5%) ўртача йиллик нарх ўсиши ҳисобига ортди.

Марказий банк прогнозига кўра, 2019 йилда олтиннинг ўртача нархи ўсишда давом этади ва бир трой унцияси учун 1320 доллар бўлади. Бундай прогнозларда жорий йилда қимматбаҳо металл экспорти Ўзбекистонга 3,2 миллиард доллардан кўпроқ пул келтириши мумкин.

Top