Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андижонда Муҳаммад Юсуф таваллуд кунини хавфсиз ўтказишнинг режаси бўлганми ўзи?
Андижон вилоятида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг 65 йиллик юбилейи бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
27 апрель куни Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф хиёбони очилгач, юбилейга келган меҳмонлар шоир туғилиб ўсган Марҳамат туманига ҳам боришган. У ердаги учрашувлардан қайтишаётганда Ўзбекистон халқ шоирлари Усмон Азим ва Маҳмуд Тоир, шунингдек, шоир Нодир Жонузоқ ўтирган машина автоҳалокатга учраган.
Бизга маълум бўлишича, берилганига бир ҳафтача бўлган яп-янги «Нексия-3» енгил машинаси рулида Андижон вилоят ёзувчилар уюшмаси раисаси Хуршида Қўчқорова бўлган.
Тўғри, Андижон вилояти ҳокимлиги мутасаддилари вилоят марказида ташкиллаштирилган эл суйган шоирни хотирлаш тадбири кўтаринки руҳда ўтиши, меҳмонларга совға-саломлар масаласида ёрдам қилишган, аммо республикамизнинг бошқа шаҳарларидан келадиган меҳмонларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш ва кузатиш ишларига лоқайд муносабатда бўлишган.
Бу ишлар тўлиқ Хуршида Қўчқорованинг гарданига тушган. У икки кун давомида деярли ухламасдан барча ишларга ўзи югуриб-елиб ҳаракат қилган. Масалан, поезд пойтахтдан кечаси соат 23:30да Андижонга етиб боради. Икки кун мобайнида у аёл боши билан бир ўзи меҳмонларни кутиб олиб, жойлаштириш ишлари билан машғул бўлган.
Марҳамат туманида ўтган тадбирларда эса хавфсизлик тартиб-қоидаларига мутлақо амал қилинмаган. Муҳаммад Юсуфнинг уйига элтувчи йўл вилоятлардан келган минглаб мухлислар ва уларнинг автомашиналари билан тўлиб кетган. Балким туманнинг кучи етмас, аммо вилоятдаги ички ишлар органларидан тартибга солиб турувчи бирор ёрдамчи куч ажратилмаган.
Бизга тасвирлаб беришларича, Муҳаммад Юсуфнинг хонадони одамларга тўлиб кетган. Оёқ босишга жой қолмаган. Айниқса, шоир дафн этилган қабристонга ҳам одамлар ёпирилиб кириб, бошқа қабрлар оёғости бўлишидек хунук манзара кузатилган.
Агар Андижон вилоят ҳокимлиги мазкур тадбирни режали қилиб ташкиллаштирганида, масъуллар тайинланганида, айтайлик, катта-катта шоирлар ва бошқа меҳмонларни ЙПХ ходимлари кузатувида олиб боришганида, албатта бу тадбир йўл-транспорт ҳодисасиз, чиройли ўтган бўлар эди.
Шоирнинг ижодига ошно автобус-автобус ёш ўқувчилар ҳам боришган. Уларнинг бирортасига кузатув тайинланмаган. Умуман, республика аҳамиятидаги бундай йирик оммавий тадбирларда хавфсизлик масаласи биринчи ўринга қўйилиши керак эмасмиди?
Бу гал шоирларимизни Худо бир асради. Уларнинг тезроқ соғайиб кетишларини тилаб қоламиз. Бундай тадбирларга лоқайдлик нафақат Андижонда, исталган вилоятда ҳам рўй бериши мумкинлигини инобатга олиб, масъуллар келгусида пухтароқ режа ишлаб чиқишларини истар эдик.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
08:51
Андижонда 2,5 килограммга яқин гашиш мусодара қилинди
18:03 / 13.06.2026
“Қутқарувчилар келганида ҳали улар тирик эди” — Марҳаматдаги ҳодиса тафсилотлари
14:04 / 11.06.2026
Тошкент–Андижон ва Тошкент–Термиз йўналишларида юқори тезликдаги поездлар қатнови режа қилинмоқда
13:28 / 11.06.2026