2018 йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳри Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов инвесторга жой тақдим этиш мақсадида 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олишда гумонланиб қўлга олинганди.

Кейинги ойлар давомида мазкур иш доирасида тергов ишлари якунланиб, суд жараёнлари бошланганди. Жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислигида кўриб чиқилаётганди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Судланувчилар Б. Абдусаматов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси («Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш»), 210-моддаси («пора олиш»), Ў. Мухамедсаидов Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168-моддаси («фирибгарлик»), 28-моддаси («жиноят иштирокчиларининг турлари») орқали 211-моддаси («пора бериш»), 212-моддаси («пора олиш-беришда воситачилик қилиш») ва Ш. Маликов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси («пора бериш»), 212-моддаси («пора олиш-беришда воситачилик қилиш»)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган эди.

Бугун, 1 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида иш кўрилиши давом эттирилди. Суд жараёнида прокурор Сардор Аҳмедов суддан Бахтиёр Абдусаматовга нисбатан қўйилган Жиноят кодексининг 210-моддаси («пора олиш») айбини олиб ташлашни сўради. Бироқ, Жиноят кодексининг 205-моддаси («ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») доирасида тегишли тартибда жавобгарликка тортилишини сўради.