Ўзбекистон | 11:31 / 03.05.2019
6126
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистоннинг FlyArystan лоукостери Ўзбекистонга парвозларни режалаштирмоқда

Питер Фостер/Фото: FlyArystan

Қозоғистоннинг FlyArystan лоукостери Олмаота - Нур-Султон йўналиши бўйича ўзининг биринчи рейсини амалга оширди.

Худди шу куни авиакомпаниянинг Олмаота-Тараз-Олмаота йўналиши бўйича иккинчи тижорат рейси амалга оширилди. Шу тариқа, авиаташувчи операцион фаолиятининг биринчи кунида жами 720 йўловчини ўз манзилига етказди, деб ёзмоқда Uzdaily.

«Эйр Астана» президенти ва бош ижрочи директори Питер Фостернинг ишонч билдиришича, FlyArystan ҳамёнбоп авиакомпаниясининг ташкил этилиши - авиаташувлар бозори маҳаллий ва минтақавий шароитларда тез ўзгараётган вазиятдаги муҳим қадам, шунингдек, чуқур тадқиқотлар ва бизнесни режалаштириш натижаси.

«Бугун биз Қозоғистонда FlyArystan’ни ишга туширмоқдамиз. Бироқ тахминимизга кўра, Украина, Грузия, Ўзбекистон каби мамлакатларда шундай лоукостерларни очиш ҳамда стратегик шерикликни ривожлантириш имкони бор», - деди Фостер.

Унинг сўзларига кўра, компания Ўзбекистонга ҳамкорлик таклиф қилмоқчи ва катта стратегик режаларни кўриб чиқяпти.

«Яқин келажакда Тошкент, Нукус, Қарши ва Фарғона водийсига рейслар йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Кейинги босқичда Самарқанд, Бухоро ва Хива каби туристик шаҳарларга қатновлар бошлашни мўлжаллаганмиз», - деди Фостер.

Мавзуга оид