Жамият | 17:30 / 05.05.2019
2270
3 дақиқада ўқилади

«Uzbekistan. An experience of cultural treasures to colour»: маданият дурдоналарини ўз қўлларингиз билан яратишингиз мумкин

Каримов фонди томонидан Uzbekistan. An experience of cultural treasures to colour («Ўзбекистон. Маданият дурдоналарини бўяш орқали ўрганиш» ) китоби нашр этилди. Ўзбекистоннинг маданий ва амалий санъат намуналарини бўяш орқали ўрганиш имконини берувчи китоб Nouveau Monde Editions (Франция) ҳамда Pen and Sword Books (Британия) нашриёт уйлари билан ҳамкорликда чоп этилди.

Инглиз ва француз тилларида тайёрланган китоб интерактив тарзда миллий санъатдаги нақшинкор безакларни бўяш орқали маълумот олиш имконини беради. Китобнинг ҳар қўш саҳифаси чап тарафида маданий объектнинг сурати ва у ҳақида қисқача маълумот, ўнг томонида эса ўқувчи бўяши мумкин бўлган нақш чизмаси берилган.

«Тўрт йил илгари чет элликлар учун Ўзбекистоннинг бой маданияти, кўҳна ёдгорликлари, амалий ва тасвирий санъати ҳақида ҳикоя қилувчи интерактив китоб яратиш истаги туғилди. Бу турли давлатларда яшовчи ёш-у қари, турли касб-кор вакилларида бир хил қизиқиш уйғота оладиган китоб бўлди, деб ҳисоблайман. Мазмун-моҳияти ва ноширлик санъати жиҳатидан ўхшаши йўқ бу китоб тариxчи, рассом, дизайнер, рассом, таржимон ва муҳаррир каби кўп сонли ижодкорларнинг тўрт йиллик меҳнати маҳсули саналади» , – дейди Каримов фонди раҳбари Лола Каримова -Тиллаева китоб тақдимоти муносабати билан йўллаган мактубида.

Мазкур нашрни АҚШ, Буюк Британия, Франция, Бельгия, Швейцария каби давлатлар, шунингдек, Яқин Шарқ ва Осиё минтақасидаги бир қатор мамлакатлар китоб дўконларидан харид қилиш мумкин. Шу билан бирга, китоб Amazon ва бошқа интернет-дўконларида ҳам сотувга чиққан.

Маълумот учун, Каримов фонди Ўзбекистоннинг тарихий-маданий, адабий меросини асраш, авлодларга етказиш мақсадида тадбирлар ташкил этади. Миллий адабиёт намояндалари асарларини таржима ва чоп этиш, ёш ижодкорларга амалий кўмак бериш ҳам фонднинг вазифалари сирасига киради. Сўнгги уч йил мобайнида фонд томонидан 11та ноширлик лойиҳаси амалга оширилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид