Kun.uz сайтида жорий йилнинг 2 апрель куни «Кечликка моғорлаган нон. «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» ишчилари оғир шароитларда ишлаб, ойлик олишмаяпти» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.
Унда «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамиятининг «Шўртан» участкасида ишловчи ишчилар оғир шароитдалиги, ойлик маошларини ўз вақтда олишмаётгани ва яна бир қатор муаммолар журналистик суриштирув асосида ёритилганди.
Танқидий мақоладан сўнг «Ўзбекнефтгаз» АЖ мазкур ҳолатлар юзасидан ўрганиш олиб борган, унинг натижалари компания сайтида мақола юзасидан «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамияти ўрганиш олиб борилганини ва ишчиларнинг кўрпа-тўшак, чойшаб, ёстиқлари янгилангани, ҳар бир мутахассисга барча хавфсизлик қоидаларига ва заводдаги меҳнат шароитларига мос янги кийимлар берилгани, ишчиларнинг талаб ва истаклари билан жорий йилнинг 19 апрель кунидан нефть ва газ қудуқларини таъмирлаш участка, цех ва хизматларида бир ойлик иш режимидан 15 кунлик вахта асосида 12 соатлик иш режимига ўтказилгани ҳақида маълумот берган эди.
Аммо бу хабар ортидан «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ «Шўртан» участкаси ишчилари сайтга такрорий мурожаат билан чиқишиб, мақоладан сўнг «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан бир неча ишчига босим кучайгани, уларга тазйиқ ўтказиш бошлангани, мажбурлаб тушунтириш хати ёздиришаётгани, ёзмаганларга эса ишлашга рухсат берилмаётганини билдиришганди.
Шундан сўнг таҳририят томонидан бу борада такрорий ўрганиш олиб борилиб, 28 апрель куни «Танқидий мақоладан сўнг ишчиларга тазйиқ ўтказилди(ми)? Касаба уюшмалари федерацияси ва Меҳнат вазирлиги бу ҳолатга қандай баҳо беради?» номли мақола берилганди.
Мазкур мақолада келтирилган ҳолатлар Ўзбекистон нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши масъул ходимлари ва «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамияти раҳбарияти томонидан муҳокама этилди. Ушбу муҳокамада таклифга биноан биз ҳам иштирок этдик.

















