Kun.uz сайтида ўтган йилнинг октябрь ойида Жиззах шаҳридаги «Ўрда» экологик маданият ва истироҳат боғининг аянчли аҳволи ва уни ободонлаштириш учун ҳаракат қилаётган тадбиркорнинг оворагарчиликлари ҳақида танқидий мақола эълон қилинган эди. Ўшанда мутасадди раҳбарлар «Ўрда» боғи Жиззах вилояти ҳокимлиги қарори асосида узоқ муддатга «Люкс Шедевр Гарден» МЧЖга (у бугунги кунда қўшма корхонага айлантирилган) ижарага берилганини, тез орада боғ обод масканга айланиши ҳақида ваъдалар беришган эди.

Аммо ваъдалар ваъдалигича қолиб кетгани маълум бўлди. Биз «Ўрда» Экологик боғида бўлганимизда у ерда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганига гувоҳ бўлдик.

Мақола сайтда эълон қилинганига етти ой бўлди. Боғ ўша-ўша қаровсиз ва хароб аҳволда...

Саволларимизга жавоб олиш мақсадида «Люкс Шедевр Гарден» қўшма корхонаси раҳбари Элёр Зокировга билан учрашдик.

«Мақола эълон қилингандан сўнг, рости, жуда қувондим, «энди ишлар олдинга силжиса керак», деб умид қилгандим. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Шу боғни обод қиламан, деган мақсадда ҳаракатни бошлаганимга икки йил тўлди. Мана, орттирганим бир қоп ҳужжат (юз варақ турли мазмундаги маълумотнома ва ҳужжатларни кўрсатди), харажатлар ҳақида айтмасам ҳам бўлаверади».

«Лойиҳани амалга ошириш бўйича Чехиянинг «AO I.K.S Group A.S» компанияси билан музокаралар олиб борганмиз. Улар билан 100 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш мақсадида шартнома тузганмиз.

Ваъдалардан чарчадим, лекин ортга чекинишни ҳам истамайман. 2017 йилдан бери шу лойиҳа амалга ошиши учун ҳаракатдаман. Лойиҳаларим тайёр, инвесторлар бир неча марта келишди. Уларга маъқул бўлди. Шу эзгу ишдан воз кечмаслик учун фаолиятимни янада кенгайтирдим. Чехиялик ҳамкорларимиз билан қўшма корхона ташкил қилдик.