Мақолани энг асосий гапдан бошлаймиз. 18 май куни Паст Дарғом тумани, «Жаул Қосим» маҳалласида тўсатдан сайлов ўтказиладиган бўлди. Ишчи гуруҳни ҳам, сайловчиларни ҳам лол қолдирган нарса шуки, тонгда маҳаллага келган сайлов бюллетенларида ишчи гуруҳ томонидан қўйилган, тасдиқланган номзод олиб ташланиб, мутлақо кутилмаган, ҳатто ишчи гуруҳ аъзолари ҳам билмайдиган янги номзод киритилгани.

Сайлов бошланиши арафасида ижодий жамоамиз билан мазкур маҳаллада бўлдик. Бюллетенлар келган, ишчи гуруҳ, жой, комиссия аъзолари... хуллас ҳаммаси тайёр. Аммо сайловчилар норозилик билдириб бирин-кетин зални тарк этаётганига гувоҳ бўлдик.

Сайловчилар бунинг сабабини шу кунгача маҳаллага раислик қилиб келган Саид Омоновнинг номзоди сирли равишда бюллетендан олиб ташлангани билан боғламоқда. Айрим сайловчилар эса сайловга таклифнома олмаганидан норози.

Бундан бир неча ҳафта олдин ҳам маҳалланинг амалдаги раиси Саид Омоновнинг номзоди сайловдан олиб ташлангани ҳақда таҳририятга мурожаат келганди. Ижодий жамоа ушбу масала юзасидан туман мутасаддилари билан боғланганимиздан кейин, унинг номзоди қайтадан қўйилган. Аммо кеча тўсатдан сайлов ташкил этилиб, келтирилган бюллетенлардан унинг номзоди яна тушириб қолдирилган.

«Жаул Қосим» маҳалласининг кўп йиллик раиси Саид Омонов

Биз 6 май куни мазкур масала (сайлов бюллетенидан номзод олиб ташлангани) юзасидан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Паст Дарғом туман кенгаши раиси ўринбосари Нормўмин Ҳайитов ҳузурида бўлганимизда, у иш бошлаганига энди 20 кун бўлгани, у келгунча суҳбатлар бўлиб ўтгани, кенгаш раиси туман ҳокими ҳисобланиши, ҳаммасини туман ҳокими Шунқор Худойбердиев ҳал қилишини айтган эди.

Паст Дарғом тумани сайловга кўмаклашувчи комиссия раиси, туман мактабгача таълим бўлими мудири Машҳура Бекованинг айтишича, Саид Омонов ушбу масала бўйича комиссияга келиб учрашмаган. У «Омонов агар дардини дастурхон қилиб, матбуотга чиқмасдан, келиб учрашганида пайдо бўлган муаммони ҳал қилиши»ни айтган эди. Шу билан масала тинчиб кетгандек эди, гўё.