Ўзбекистонда Рамазон ҳайити 5 июнь куни деб эълон қилинган. Мусулмонлар идорасининг ҳайит намози ўқиладиган вақтлари билдириб ўтилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 май куни Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Саудия Арабистони, Туркия, Россия каби давлатларда Рамазон ҳайити эртага — 4 июнь куни нишонланиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ўз-ўзидан, бу каби давлатларда Рамазон ойи рўзаси 29 кун тутилиб, Шаввол ойига ўтилмоқда.
Ҳамюртларимиз орасида «ҳайит куни биз ҳам рўза тутмасак бўладими ёки рўзани 30 кун тутишимиз керакми?» каби ихтилофли саволлар пайдо бўлмоқда. Шу сабабли Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур Kun.uz мухбирининг бу борадаги саволларига жавоб қайтарди.
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Саудия Арабистонида эртага ҳайит деб эълон қилинганидан кўпчилик хабар топди. Биз Ўзбекистонда эртадан кейин — 5 июнда ҳайит бўлишини эълон қилганмиз.
«Саудия Арабистони билан бир кун фарқ қилаяпти. Буни қандай тушуниш керак?» деган саволлар пайдо бўлиши табиий.
Бу ҳолни тўғри тушуниш керак, чунки бу биринчи бор рўй бермаяпти. Саудия Арабистони ва бизнинг минтақамиз — жумладан, Ўзбекистонга қўшни республикалар ҳайит кунларини ёки Рамазон ойининг биринчи кунини белгилаш масалаларида камдан-кам ҳолатда бир хиллик кузатилади. Чунки ҳар бир жойда ҳилолнинг кўриниши, об-ҳавоси ҳар хил.
Пайғамбаримиз (саллолоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида эртага бошланадиган ойнинг ҳилоли бугун шомдан кейин кўринишига нисбат бериб, «ўша ҳилолни кўриб рўзани бошланглар, рўзанинг охирида ҳам Шаввол ойининг ҳилолини кўриб ҳайит қилинглар», деганлар. Бутун Ислом оламида мана шу ҳадисга амал қилиб келинади. Шуларнинг қаторида бизнинг юртимизда ҳам, қўшни республикаларда ҳам.
Лекин битта фарқи борки, бизга нисбатан ғарброқда ва иссиқ минтақада жойлашган Саудия Арабистонида қуёш ботганидан сўнг ҳилолнинг кўриниши яққол намоён бўлади, яъни уфқ камдан-кам булутли бўлади ва ҳилолни кўриш мумкин бўлади. Шунинг учун ҳилол кўрингач, рамазоннинг бир куни Шаъбон ойига ўтказилиб, рўза 29 кун тутилаверади.
Бизда ҳеч тарихда Рамазон ойининг биринчи кунининг ҳилоли кўриниши учрамаган. Доим Қуёш ботадиган ғарб томон булут бўлиб, ҳилол кўзга ташланмаган, иккинчи куни яққол кўринган. Лекин бу йил ҳисобимизда Саудия Арабистони билан бир хил бошланди.
















