14:30 / 13.06.2019
25888

Уммон кўрфазида нефть танкерларига ҳужум қилинди

13 июнь куни Уммон кўрфазида иккита нефть танкери фалокат сигналини йўллади, кемалар раҳбарияти танкерлар шикастланганини маълум қилди. Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, танкерларга ҳужум уюштирилган.

«Саудия Арабистонидан Сингапурга қараб йўлга чиққан нефть танкери номаълум томон ҳужуми оқибатида шикастланган», дейилади кема раҳбарияти хабарида.

Сингапурдаги BSM Ship Management компанияси вакили берган маълумотларга кўра, Тайваннинг СРС номли энергетик компанияси томонидан ёлланган, Норвегия байроғи остида ҳаракатланаётган Front Altair танкери торпедо ҳужумига учраган ва кемада ёнғин чиққан, кема чўкишни бошлаган. Шунингдек, Панама байроғи илинган Kokuka Courageous танкери ҳам ҳужумга учраган. Иккинчи кемада чўкиб кетиш хавфи йўқ.

Араб нашрлари хабарларига кўра, ҳужумга йўлиққан кемалардан барча денгизчилар - жами 44 киши Эрон соҳилбўйи хизмати томонидан қутқарилиб, эвакуация қилинган.

Бу хабарлар ортидан нефть нархи кўтарила бошлади. 

Лондондаги ICE Futures биржасида Brent маркасидаги нефть нархи 1,8 долларга кўтарилди (3 фоиз)  ва бир баррель учун нарх 61,77 долларга етди.

Бу биринчи ҳужум эмас

Шу йилнинг 12 майида БАА қирғоқлари яқинида 4та нефть танкерига (БАА, Саудия Арабистони ва Норвегия) ҳужум уюштирилганди. Ўшанда БАА вакили бу ҳужум ортида «бошқа бир давлат» турганини иддао қилганди.

БАА ҳисоботига кўра, 12 май кунги ҳужум жуда яхши режалаштирилган ва мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилганди.

АҚШ бу ҳужумда Эронни айблаган, аммо расмий Теҳрон бу ҳужумга алоқадорлигини рад этиб, жаҳон ҳамжамиятини бу ҳодисани синчиклаб ўрганишга чақирганди.
 

Top