Май ва июнь ойларида Форс кўрфазида нефть танкерларига ҳужумлар кузатилди. АҚШ бу ҳужумларда Эронни айбламоқда ва ҳудуддаги қўшинлари сонини кўпайтирмоқда.

13 июнь куни Уммон кўрфази ҳудудида Саудия Арабистонидан Сингапур ва Тайванга йўл олган икки танкерда портлаш юз берди. 

АҚШ бу ҳужумларда Эрон ислом инқилоб қўриқчилари корпусини айблади. Америкаликлар эронлик зобитлар портлашлар юз берганидан саккиз соат ўтиб, экипажи эвакуация қилинган танкерлардан бирига яқинлашгани ва бўлган ҳодисага Эроннинг алоқадорлигини яшириш мақсадида портламай қолган магнит минани йиғиштириб олгани тасвирланган видеони намойиш этди.

Форс кўрфази - сўнгги 40 йил давомида бир неча уруш ва юзлаб маҳаллий низолар рўй берган, жаҳоннинг энг нотинч ҳудудларидан биридир. Кўрфаздаги ҳар бир давлат баъзан эҳтиёткорлик билан, баъзида эса агрессив сиёсат юритиб, қўшниларининг позициясини заифлаштириш орқали минтақада етакчилик қилишга интилади.

Ҳозирда вазият яна кескинлаша бошлади, Дональд Трамп Эрон ядро дастури бўйича келишувдан чиқиб, бу давлатга янги санкциялар қўллаган.

Энди Вашингтон Теҳронни танкерларга ҳужум қилишда айбламоқда. Эрон ҳукумати бу айбловларни қатъиян рад қилмоқда.

Уммон кўрфазида танкерларга ким ҳужум қилди?

«Би-Би-Си» Форс кўрфазидаги кучлар тақсимотини кўриб чиққан.

Эрон

Эрон минтақа етакчилигига даъво қилади ҳамда ўз сиёсатини АҚШ ва Исроилга қарама-қарши йўналишда олиб боради.

Исроил разведкаси маълумотларига кўра, расмий Теҳрон вақти-вақти билан Исроилдаги аҳоли яшаш пунктларини ўққа тутиб турадиган «Ислом жиҳоди» гуруҳини қўллаб-қувватлайди.

Бу мамлакат узоқ йиллар давомида ўз ядро дастури туфайли санкциялар остида яшади. 2015 йилда бу дастурнинг тугатилиши назарда тутилган келишув имзоланганди. Шундан сўнг санкциялар бекор қилинганди, аммо бу вақтинчага эди.