Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда Давлат тест маркази мутасаддилари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда маълум қилинишича, энди «олий таълимга киритиб қўйиш амалиётига» мутлақо чек қўйилади. Йўналишлар битта бўлмагандан кейин, абитуриентларнинг бир-бирига ёрдам бериши ҳам чекланади.
«Абитуриент юртимизнинг истаган жойида тест топширяпти. У қаерда, қачон топширишини билмагандан кейин, ёрдам бераман деб уринишнинг иложи йўқ. Бу чора билимли ёшларнинг ўқишга киришини таъминлайди. Олий таълим муассасаси ҳам абитуриент ҳақида билмайди. Эндиликда қабул жараёнларида «манфаат» деган тушунча йўқолади. Шунинг ўзиёқ катта натижа. Ҳозирча қўлимиздан келадигани, тест жараёнларида шаффофликни таъминлаб туриш. ОТМга киритиб қўяман, деганларга ишонманг», — дея Давлат тест маркази бош бошқармаси бошлиғи Барно Ражабовнинг сўзларини келтирмоқда ЎзА.
Брифингда абитуриентлар диққатига яна бир жуда муҳим эълон маълум қилинди: Имтиҳон куни кеч қолган абитуриентлар белгиланган вақтдан кеч қолса, имтиҳонга киритилмайди. Бу қатъий белгиланган тартиб, қоида. Сабаби, икки сменада ташкил этиладиган тест синовлари ўз вақтида, тартибли ва сифатли ўтказилиши керак.
Брифингда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани тўғрисида маълумот берилди.
Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, турк тилини чет тили сифатида ўқиган абитуриентлар ҳам мазкур тилдан кўп балли баҳо тизими бўйича имтиҳон топширади.
Эндиликда ОТМларга ҳужжат топширишда 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома талаб қилинмайди.
Қуйидагилар олий таълим муассасаларига қўшимча давлат грантлари асосида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинувчилар қаторига киритилди:
— Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатни аъло баҳоларга битирган битирувчилар бакалавриатнинг хорижий тил ва адабиёт, филология ва тилларни ўқитиш йўналишларига.















