Ўзбекистон | 11:50 / 25.06.2019
25179
3 дақиқада ўқилади

«Олмаота — Тошкент — Олмаота» рейси бекор қилинди

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан Тошкентга ва Тошкентдан Олмаотага поезд рейслари бекор қилинди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати маълум қилди.

«Техник сабабларга кўра, 2019 йил 25 июнь куни Олмаота - Тошкент - Олмаота йўналишидаги №001/002-сонли поезд Тошкентга келиши ва ундан жўнаб кетиши амалга оширилмайди. Мазкур йўналишлар учун чипталарни сотиб олган йўловчилар темир йўл кассаларига йўл ҳужжатлари (чипталари)ни тақдим этган ҳолда уларга чипталарнинг қиймати тўлалигича қайтарилади», дейилади хабарда.

Қозоғистоннинг Арис шаҳридаги ҳарбий қисмда жойлашган ўқ-дори омборхонасида портлашлар поездлар ҳаракатига таъсир қилди. Қозоғистоннинг «Темирйўл йўловчи ташуви» компанияси 13та йўловчи поезди, хусусан, «Уфа—Тошкент» (№382) ва «Самарқанд—Нур-Султон (Остона)» (№252) поездлари қатновини вақтинча тўхтатганди.

24 июнда 44,3 минг киши яшайдиган Арис яқинидаги ҳарбий қисмда ўқ-дорилар портлаши юз берди. Воқеа сабаби ва тафсилотлари аниқлаштирилмоқда. Шаҳар аҳолиси эвакуация қилинган. Охирги маълумотларга кўра, воқеа оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 70 дан кўпроқ киши жароҳат олган, улардан 15 нафари шифохонага ётқизилган. Портлашлар юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Арисдаги портлашлар туфайли «Уфа—Тошкент» йўналишида ҳаракатланган поезд Туркистонда тўхтаб тургани тўғрисида маълумот берган.

«Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 2019 йил 24 июнь куни Қозоғистоннинг Арис шаҳридаги фавқулодда вазият муносабати билан Уфа шаҳридан Тошкент шаҳрига ҳаракатланаётган ва ичида Ўзбекистон фуқаролари йўловчи ва бортпроводниклар бўлган 382-сон темир йўл рейси тўхтатиб қўйилган. Айни пайтда поезд Туркистон шаҳри темир йўл вокзалида турибди ва йўналиш бўйича ҳаракатланишга рухсат берилишини кутмоқда.

Вазият Бош консулхона назоратига олинган. Поезд йўловчиларига сув ва озиқ-овқат берилмоқда. Поезднинг қачон ҳаракатни давом эттириши Арис шаҳридаги вазият барқарорлашишига боғлиқ. 

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур вазиятларда Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонасига (тел. :  +7-717-295-42-52) ёки Олмаота шаҳридаги Бош консулхонасига (тел. :  +7-727-291-11-78) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади», дейилади вазирлик хабарида

Мавзуга оид