Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати Гулнора Каримованинг активларининг қайтарилиши борасидаги маълумотларни изоҳламайди.
23 июнь куни Гулнора Каримованинг қизи, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг невараси Имон Каримова ўзининг Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифасида онаси томонидан йўлланган мурожаатни эълон қилгач, бу мавзу ижтимоий тармоқларда яна кун тартибига чиқди.
«Прокуратура шу пайтгача давлат томонидан экспроприация (мол-мулкларнинг мажбурий тарзда давлат ихтиёрига ўтказилиши —таҳр.) қилинган воситаларнинг миқдорини аниқ санай олмаслигини билдираётган бўлса-да, мен протокол учун эълон қилишим керакки, шу пайтгача Ўзбекистон ҳудудидаги фақатгина менга тегишли бўлган, 1,2 миллиард доллар миқдоридаги активлар менинг эгалигимдан чиқиб, айни пайтда республика бюджети учун ишлаётгани бир неча маҳаллий суриштирувлар билан тасдиқланган», — дейилганди Гулнора Каримованинг мурожаатида.
Гулнора Каримова шунингдек, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлик қилишни бошлаганини билдирганди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати Гулнора Каримованинг активлари қайтарилиши ҳақидаги маълумотларни изоҳламаслигини билдирди.
«Бош прокуратура Гулнора Каримованинг қариндошлари томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган билдириш ва хулосаларни изоҳлашга, муносабат билдиришга мажбур эмас. Албатта, бунга уларнинг тўлиқ ҳақи бор, лекин менга маълум бўлишича, айни пайтда у томонидан қилинган расмий мурожаат фақат Омбудсман билан учрашувда акс этган», — деди матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова Kun.uz’га берган изоҳида.
23 июнь куни Ўзбекистон парламенти қошидаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Улуғбек Муҳаммадиев Зангиота туманидаги №21-сонли жазони ижро этиш муассасасига ташриф буюриб, Гулнора Каримова билан учрашган, унинг соғлиғи қониқарли экани билдирилган эди. Бироқ омбудсман активлар қайтарилиши ҳақида ҳеч нарса демаган.
Мустақил манбаларнинг Kun.uz’га маълум қилишича, Гулнора Каримова томонидан қайтарилгани даъво қилинаётган 1,2 миллиард долларлик активлар ҳақидаги маълумотлар ўз тасдиғини топмаган ва ҳақиқатга тўғри келмайди.
















