Гулнора Каримованинг манфаатларини ҳимоя қилаётган швейцариялик адвокат Грегуар Манжа Швейцария Ўзбекистонга 555 млн долларни қайтариш жараёнини тўхтатгани ҳақида хабар берди.

Унинг Twitter’даги саҳифасида маълум қилишича, бу Гулнора Каримованинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли рўй берди.

«Швейцария федерал жиноий судидаги учинчи йирик ғалаба (1 июль). 555 миллион долларни қайтариш дарҳол тўхтатилди. Агар ушбу давлат мижозимизни ўзбошимчалик билан ушлаб туришга якун ясамаса, унда Ўзбекистон билан ҳеч қандай ҳамкорлик бўлмайди. Унга борган сари катта босим ўтказилмоқда. Каримованинг ҳаёти хавф остида», - дея таъкидлаб ўтди адвокат.

Бундан олдин, Гулнора Каримованинг адвокати мижозининг аҳволи яхши эмаслигини маълум қилганди.

Аввалроқ, Адлия вазирлиги Гулнора Каримова сақланаётган колонияда ўрганиш ўтказаётгани хабар берилди.

Бош прокуратура март ойи бошида Гулнора Каримова жазони ўташ тартибини бузгани учун қайтадан қамоққа олингани ҳақида хабар берганди.

«ИИВ Жазони ўташ бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати тақдимномаси асосида жазони ўташ талаби ва шартларини қўпол равишда бузгани сабабли жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан Г.Каримовага нисбатан тайинланган жазонинг қолган қисмини жиноят-ижро қонунчилигига мувофиқ умумий режимдаги колонияда ўташ жазосига алмаштириш тўғрисида ажрим чиқарилди», – дейилади Бош прокуратура тарқатган хабарда.