11 июль — Халқаро аҳолишунослик куни. 1969 йили шу санада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг репродуктив саломатлик, оилани режалаштириш, аҳоли ҳолатини ўрганиш бўйича аҳолишунослик фонди (UNFPA) ташкил этилган эди. Фонднинг 50 йиллиги муносабати билан БМТ ва ҳукумат вакиллари иштирокида анжуман бўлиб ўтди. Мазкур анжуман доирасида 2022 йил кузида Ўзбекистонда ўтказилаётган йирик миқёсли тадбир — аҳолини рўйхатга олиш ва унинг аҳамияти хусусида ҳам сўз борди.
Анжуманда қайд этилгандек, аҳолини рўйхатга олиш муайян вақт ичида мамлакатдаги барча шахсларга тааллуқли демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотни тўплаш, бирлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва тарқатиш жараёнидир. У аҳоли тўғрисидаги энг ишончли манба ҳисобланади.
2019 йил 5 февралда «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинган.

Давлат статистика қўмитаси раис ўринбосари Маҳмуджон Зиёдуллаевнинг баён қилишича, мазкур тадбирни амалга оширишда жойларда комиссиялар иш бошлаган, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг қарийб 40 фоизи бевосита аҳоли билан боғлиқ. Шу боис аҳолини рўйхатга олиш тадбири мамлакатнинг ривожланган ва орқада қолаётган соҳаларини, ютуқ ва камчиликларини ҳам аниқлашда муҳим рол ўйнайди.
Ўзбекистон мустақил давлат сифатида илк бор ўз аҳолисини рўйхатдан ўтказмоқда.
Маҳмуджон Зиёдуллаевнинг маълумот беришича, Ўзбекистон ҳудудида илк бор аҳолини рўйхатга олиш тадбири 1897 йилда амалга оширилган. Унда мавжуд аҳоли сони, ёши, таркиби, оилалар сони, этник гуруҳлар, туғилиш ва ўлим кўрсаткичларини жамлаш мақсад қилинган. Шундан сўнг 1926, 1939, 1959, 1970, 1970, 1980 йилларда ҳамда энг охирги марта 1989 йилда аҳоли рўйхатдан ўтказилган.
1926 йилда аҳоли сони 4 млн 600 минг нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирда 33 млн.дан ортиқроқни ташкил этади.
Сўнгги рўйхатга олиш тадбиридан бери ҳозирга қадар демографик ҳолат ҳақидаги маълумотлар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларидаги туғилиш ва вафот этиш кўрсаткичлари, Ички ишлар вазирлиги бошқармаларининг мамлакатга кўчиб келганлар ва кўчиб кетганлар ҳақидаги ахбороти асосида йиғиб келинган.
















