Ўзбекистон | 14:20 / 23.07.2019
46243
2 дақиқада ўқилади

«Ўзтрансгаз»га янги раҳбар тайинланди. У сўнгги 2,5 йил ичида бешинчиси

Фото: Халқаро пресс-клуб

Бугун, 23 июль куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги тизимида қатор ўзгаришлар рўй берди.

Kun.uz манбаси хабар беришича, «Ўзтрансгаз» АЖ бошқарув раиси Баҳодир Эшмуратов бошқа лавозимга ўтказилиб, унинг ўрнига 2016 йилдан буён «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари вазифасида ишлаб келган Улуғбек Ҳусанович Сайидов тайинланди.

Шунингдек, «Ўзтрансгаз» АЖ бошқарув раисининг иқтисодиёт бўйича ўринбосари в.в.б Баҳриддин Тожибоевич Мамадиев ўрнига турли йилларда «Ўзбекнефтегаз»да турли лавозимларда ишлаган Алишер Исмоилжонович Мирзамаҳмудов тайинланган.

Қайд этиш керакки, Улуғбек Сайидов «Ўзтрансгаз»нинг сўнгги икки ярим йилдаги бешинчи раҳбарига айланди. 2016 йил декабрида компанияга бош вазир ўринбосари Эргаш Шоисматов (ҳозир у Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси) раҳбар этиб тайинланган. 2017 йил августида эса унинг ўрнида Алишер Мустафоев иш бошлаганди.

2018 йилнинг 5 июнида Шарифжон Турсунов «Ўзтрансгаз» раҳбари этиб тайинланди, бироқ беш ойлик фаолиятдан сўнг, 23 ноябрь куни у ҳам лавозимни тарк этиб, декабрь ойидан Баҳодир Эшмуратов «Ўзтрансгаз»га раҳбарлик қила бошлаганди.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошида «Ўзтрансгаз» президент қарори билан «Ўзбекнефтгаз» таркибидан чиқарилганди. Компания қазиб олувчи ташкилотлардан табиий газни сотиб олиб, кейинчалик экспорт ва импортга етказиб бериш, шунингдек магистрал газ қувурларига уланган истеъмолчиларга сотиш билан шуғулланувчи ягона операторга айланди. «Ҳудудгазтаъминот» эса газ тақсимлаш тармоқларига уланган истеъмолчиларга газ сотиш билан шуғулланади.

Мавзуга оид