Сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий пропискага кириш масаласида кўплаб тортишув ва низолар бўлмоқда. Жумладан, бу каби низолар секин-асталик билан судларга кўчмоқда. Яъни қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари давлат органлари томонидан асоссиз бузилаётганидан норози бўлган фуқаролар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб, маъмурий судларга мурожаат қилмоқда. Аҳамиятли томони, улар бирин-кетин судда ютиб чиқишмоқда ҳам. Kun.uz сайти ана шундай суд жараёнларининг айримлари ҳақида аввал ҳам хабар берган эди.

Мантиқан олганда фуқаро прописка бўйича судда ғалаба қозонди, дегани, ички ишлар органларининг ноқонуний ҳаракатлари расман тасдиқланди дегани. Шу сабабли мазкур ҳолатларга изоҳ олиш мақсадида Kun.uz нашри расмий сўров билан Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди.

Сўровнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазири П.Р.БОБОЖОНОВга

Ҳурматли Пўлат Раззоқович!

Жорий йилнинг 24 июнь куни «Kun.uz» нашрида «Биргаликда уй сотиб олган фуқаролар прописка масаласида судда ютиб чиқди» сарлавҳали хабар эълон қилинди.

Хабарда уч нафар фуқаро Тошкент шаҳрида биргаликда умумий мулк ҳуқуқи асосида уй-жой сотиб олгани, лекин Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБ уларни Рўйхатнинг 1-бандига мувофиқ прописка қилишни асоссиз рад этгани, натижада фуқаролар Яшнобод туман маъмурий судига ариза билан мурожаат қилгани баён этилган. Суднинг ҳал қилув қарорига биноан, Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилиб, унинг зиммасига шикоят йўллаган фуқароларни (3 нафар) тегишли манзил бўйича Рўйхатнинг 1-бандига мувофиқ доимий прописка қилиш мажбурияти юкланган.

Бундан ташқари, Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБдан фуқаролар фойдасига 202 730 сўм (давлат божи учун тўланган тўлов) ундирилиши белгиланган.

Шунингдек, жорий йилнинг 3 июль куни сайтимизда «Оилали эканлиги учун прописка рад қилинган фуқаро ҳам судда ютиб чиқди» сарлавҳали хабар нашр қилинди.

Хабарда ота-онаси Тошкент шаҳридан янги уй-жой сотиб олган ва 1-бандга ўтган фуқаро, ота-онаси орқали фарзанд сифатида 2-банд билан Тошкент шаҳрига доимий пропискага кира олмагани баён этилган. Фуқаронинг аризасига туман ИИБ ФМБ М ва ФРБ рад жавобини бериб, бунга асос сифатида Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг 14.12.2017 йилдаги №22/25297-сонли кўрсатма хатида оиласи бор вояга етган фарзандлар 2-банд билан пропискага киритилмаслиги қайд этилганини баён қилишган.