«Буни қандай қилиб ёдлайман?» — ҳар бир янги китоб варақланиши олдидан мактаб битирувчилари ва талаба бўлишни истаган барча ёшлар бу саволни такрорлаб туришади. «Қандай қилиб ўзимни қўлга олишим ва ҳаяжонланмаслигим мумкин?», «Жавобни умуман эслай олмасам нима қиламан?» Қуйида шу каби саволлар ва ортиқча куч сарфламасдан имтиҳонни омадли ўтказишга оид тавсиялар билан таништирамиз.

Имтиҳон олди машғулотлар ва синовлар бошланаётган пайтдаги асабий таранглик барчани қамраб олади. Имтиҳон кунлари ҳам етиб келди. Қандай қилиб муваффақиятли топшириш мумкин? Тест синовларининг безовтали кунларини натижа ва соғлиққа максимал даражада фойдали ва ҳаттоки хушчақчақлик билан ўтказиш мумкинми?

Қуйида энг кенг тарқалган 4 «қоида» ва уларга когнитив психотерапевтнинг изоҳлари.

1. Энг охирги кун иложи борича кўпроқ маълумот билан танишиб чиқиш керак. Қисқа муддатли хотира уларни эслаб қолади ва эртанги имтиҳонда қўл келади
Ушбу стратегия математик тафаккурга эга, хотираси яхши ва мантиқий фикрлай оладиганларга мос келиши мумкин. Бироқ умумий олиб қараганда жуда фойдали усул ҳисобланмайди. Нима бўлганда ҳам хотирамиз ҳажми чегараланган ва афсуски у бизнинг тўғридан-тўғри кўрсатмаларимизга бўйсунмайди.

Агар кун давомида тўлиқ 24 соат мияни янги маълумотлар билан тўлдиришда давом этилса, хотирага ҳаддан ташқари кўп юк тушади ва имтиҳон вақтида у сиз билан ёмон ҳазил қила бошлайди. Охирги дақиқада «ўрганилган» билимлар керакли вақтда ёдда келмаслиги мумкин. Саволларни ўқийсиз ва ... ҳеч нарсани эслай олмайсиз. Ёки рақамлар, йиллар ва формулаларни чалкаштира бошлайсиз.

Имтиҳонни кутилган натижага топшириш учун бошиданоқ қизиб турган бўлмаслик керак. Агар ўқувчи билимларни эгаллашга ўта кўп қувватини сарфлаб юборса, синов даврида на ҳиссий ва на ақлий кучга эга ҳолатда келади. Шунинг учун энг яхшиси кунига 3-4 соат шуғулланиш керак, нафақат янги маълумотлар билан танишиш балки аввалги эгалланганларини такрорлаб туриш ҳам тавсия этилади.

2. Имтиҳон олди сўнгги кунда тайёрланишни мутлақо тўхтатиш зарур: мия озроқ «совисин»
Агар ўқувчи йил давомида тўлиқ шуғулланиб бўлган бўлса, бу ёмон фикр эмас. Худди шунингдек икки-уч ой олдин ҳар бир мавзуга оид 20-30 ўхшаш мисолларни бажарган бўлса, у аллақачон ечимни қандай топиш маҳоратини ўзида шакллантирган ва такрорлаб ўтиришга ҳожат йўқ.