Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон терма жамоалари ва хорижий давлат спортчилари учун ўқув-машғулот базасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди

Ҳужжат билан Касб-ҳунар таълими тизимини янада такомиллаштиришни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Андижон вилояти, Хонобод шаҳар “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Хонобод кўчасида жойлашган Хонобод сервис ва ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Андижон вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тасарруфига текин фойдаланиш ҳуқуқи билан бепул бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кўрсатилган бино ва иншоотларни тегишли ҳудуди билан бирга топширилишини, Андижон вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси қабул қилиб олинишини ҳамда улардан самарали фойдаланилишини таъминлайди.

Андижон вилояти, Хонобод шаҳрида жойлашган Хонобод сервис ва ижтимоий иқтисодиёт коллежи номини Андижон вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тасарруфидаги спорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоалари ва хорижий давлат спортчилари учун ўқув-машғулот базаси деб расмийлаштирилиши инобатга олинади.

Қуйидагилар ўқув-машғулот базасининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

жаҳон ва Осиё чемпионатларида, Олимпия, Паралимпия ва Осиё ўйинларида, Универсиадалар, бошқа халқаро ва минтақавий мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир халқаро тоифадаги спортчиларни, терма жамоалар аъзоларини тайёрлаш учун зарур спорт инвентарлари билан жиҳозланган замонавий, халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техника ҳамда ўқув-машғулот базасини ташкил этиш;

спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари (кейинги ўринларда терма жамоалар деб аталади) спортчиларини марказлаштирилган тартибда тайёргарлик кўришини таъминлаш;

спорт турлари бўйича терма жамоаларни, спорт захирасини тайёрлаш мақсадида ўз фаолиятини таъминлаш учун ўзининг моддий-техника базасини ривожлантириш;

спортчилар, терма жамоалар аъзоларининг ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, халқаро тоифадаги спортчиларни тайёрлаш учун юқори малакали тренер-мутахассислар, психологлар ва методистларни, шу жумладан хориждан кенг жалб қилиш ҳисобига ўқув-машғулот жараёнига илғор халқаро тажрибани инобатга олинган ҳолда янги илмий-услубий технологияларни жорий этиш орқали уларнинг назарий ҳамда техник-тактик тайёргарлиги сифатини мунтазам ошириш;