Ўзбекистон Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ хат ёзди. Унинг матни Сайёра Хўжаеванинг Facebook’даги саҳифасида ва юқорида кўрсатилган институт расмий саҳифасида эълон қилинди.
«Сўнгги икки-уч кун мамлакатимиз кадрлар сиёсатидаги бўшлиқларни яна бир бор намойиш этди. Нима дейишингиздан қатъий назар, «кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади» деган машҳур ибора бугун ҳам, эртага ва ҳар доим ҳам долзарб бўлади. Сизнинг мансабдор шахсларга айтган гапларингиз шундан далолат берадики, ҳозирга қадар амалда бўлган кадрларни танлаш ва уларни тақсимлаш тизими ўзини оқламади ҳамда «Давлат хизматчилари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қабул қилиш вақти келди. Учала ҳоким, «снос»лар билан боғлиқ сўнгги воқеалар «қаҳрамонлари»ни сиз узоқ вақтдан бери танигансиз ва уларга ишонгансиз. Ҳокимлар сизнинг одамларингиз экани ва ҳамма уларга бўйсуниши кераклиги ҳақидаги сўзларингиз барчанинг ёдида», - деди у.
Унинг фикрига кўра, тарихда ҳокимиятни суиистеъмол қилиш салбий натижаларга олиб келиши, баъзан эса демократик ислоҳотларни илгари суришга халақит беришини исботловчи мисоллар жуда кўп.
«Тан олиш керакки, улар сизнинг ишончингизни оқламади, аксинча, ўзининг хатти-ҳаракати билан сиз, сизнинг сиёсатингизга панд берди ҳамда дунё ҳамжамияти олдида давлат ҳокимиятини обрўсизлантирди. Фуқаролар Ш.Ғаниев, Ф.Эрманов ва бошқа айрим ҳокимларнинг қонунга риоя қилмаслик, қўпол, баъзан сурбетларча хатти-ҳаракатларидан шикоят қилди. Аммо, маълумки, жавобгарликнинг йўқлиги ўзбошимчаликка олиб келади. Мен фуқаролик жамиятининг вакилиман, биз сиз ва сизнинг ислоҳотларингизга ишонамиз. Бугун эришган барча ютуқларимизни санаб ўтирмайман, бунинг учун сизга миннатдормиз», - дея таъкидлади Сайёра Хўжаева.
Шу билан бирга, унинг маълум қилишича, Ўзбекистон олдинга қараб ҳаракатланиши керак.
«Сизга чексиз ишонаётган халқаро ҳамжамият ҳам жиддий ўзгаришлар, жумладан, кадрлар сиёсатида катта ўзгаришларни кутмоқда. Иқтидорли ёшлар жуда кўп. Аммо стереотиплар уларни илгари суришга тўсқинлик қиляпти. Сизнинг атрофингиздаги шахслар асосан «ўз одамлари»ни юқори лавозимларга олиб чиқмоқда, сизга ишонадиган ҳамда Ўзбекистон энг илғор давлатлар қаторига киришини истайдиган ҳақиқий ватанпарварлар тарихдан четда қолмоқда», - деди у.















