Ўзбекистон Президентининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор моҳиятини кенг жамоатчиликка тўлақонли етказиш ҳамда мавжуд имкониятлар ва кутилаётган натижаларни муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари бошчилигида 7 август куни Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қарорнинг асосий мақсади мамлакатнинг агросаноат тизими мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ички имкониятлар асосида интенсив агросаноат тизимини ташкил қилиш ҳамда озиқ-овқат саноатини янада ривожлантиришдан иборат.
Мазкур қарорга асосан, 2019–2021 йилларда:
– республиканинг 8 та, яъни Андижон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига 3 млн. тонна сиғимга эга бўлган йирик агрологистика комплекслари барпо этилади;

– Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида сиғими 360 минг тонна бўлган жами 37 та замонавий агрологистика марказлари ташкил қилинади;
– қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича жами 174 та ва озиқ-овқат соҳасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича жами 24 та йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади;
– мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда мавжуд самарасиз боғлар ўрнида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 36 минг гектар интенсив боғлар ташкил этилади.

Бундан ташқари, “Ўзстандарт” агентлигининг республика ҳамда Наманган ва Самарқанд ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказлари ҳузуридаги синов лабораторияларини тўлиқ модернизация қилиш ва янги ускуналар билан таъминлаш, озиқ-овқат соҳасида 726 та халқаро стандартларни жорий қилиш каби чора-тадбирлар белгиланмоқда.






















