Ўзбекистонда эртага - 10 август куни илк марта БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти ва Халқаро конгресс ва анжуманлар уюшмаси (ICCA) томонидан учрашув, кўргазма, конференциялар туризми (MICE туризм) ва меҳмондўстлик соҳаси бўйича бўйича тренинг ўтказилади.
Бу ҳақида «Gastro bazaar – 2019» фестивалига бағишланган матбуот анжуманида маълумот берилди.

«Ташкиллаштириладиган мастерклассда Ўзбекистон туризми соҳаси расмийлари, хусусий сектор вакиллари ва ассоциациялар иштирок этиши кўзда тутилган. Улар ICCA экспертларидан конгресслар ташкил қилиш бўйича керакли маълумотларни олишади», - дейди Халқаро конгресс ва анжуманлар уюшмасининг Европа бўйича минтақавий директори Элиф Балчи Фисоногли хоним.
«Эртанги конгресслар бўйича тренингда давлат ташкилотлари, тур операторлари ва меҳмонхоналар, давлат унитар корхоналари иштирок этади. Тренингда бизнес туризмига алоқадор маданий, илмий ёки спорт тадбирларини ташкиллаштириш бўйича дарс берилади.
Масалан, футбол чемпионати ўтказиладиган бўлса, унда 5 минг нафар одам иштирок этади ва 7 кун давом этади, деб ҳисоблайдиган бўлсак, шу чемпионатни қанақа тарзда ўтказиш кераклигини ўрганамиз», - дейди Бутунжаҳон туризм ташкилотининг «Ипак йўли офиси» директори Миртолиб Мирзоҳидов.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, қайсидир катта конгресснинг Россия, АҚШ ёки Сингапурда эмас, Ўзбекистонда ўтказилиши учун йўналиш (destination) ютиб олиш учун нималарга эътибор бериш керак, қанақа хатоларга йўл қўймаслиги кераклигини ҳам тренинг иштирокчилари ўрганади.
«Бизнес тадбирларининг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакат имиджининг халқаро майдонда яхшиланиб боришига ва шу соҳада ишлаётганларнинг даромади ошишига ёрдам беради. Масалан, халқаро доирада 150 нафар олимлар иштирок этадиган 5 кунлик конференция 350 минг АҚШ долларга баҳоланади», дея туризм бизнесида ташкилотчиликнинг афзалликлари ҳақида маълумот бериб ўтди Миртолиб Мирзоҳидов.
Бундан ташқари, масъулларнинг маълумот беришича, бу тадбир дунё бўйича биринчи марта ўтказилаётган амалиёт бўлгани учун Россия, Украина ва Қозоғистон каби хорижий давлатлардан ҳам иштирок этиш хоҳишини билдирганлар кўп бўлган.









