Кеча, 7 август куни Қирғизистонда навбатдаги сиёсий кескинлик тўлқинлари авж олди. Июль ойи охирида собиқ президент Алмазбек Атамбоевни жиноятда айблаб, уни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳукумат энди тўғридан-тўғри қуролли ҳужумга ўтди. Мамлакат махсус кучлари собиқ президентнинг уйига бостириб кириб, уни қўлга олишга ҳаракат қилди ва қуролли тўқнашув келиб чиқди.

Хаос қамраб ола бошлаган қўшни мамлакатда нега аҳвол бунчалик кескинлашиб кетди? Атамбоевни нималарда айблашмоқда?

Мамлакат прокуратураси уни бешта жиноятда гумон қилмоқда:

* ҳозир яшаб турган қароргоҳи жойлашган ерни ноқонуний ўзлаштиришда. Бу борада Қирғизистон ЖКнинг 319-моддасига (коррупция) кўра ҳарбий прокуратурада судгача текширув олиб борилмоқда.

* мамлакатдаги машҳур криминал Азиз Батукаевни қамоқдан чиқаришда. Атамбоев бу ишни амалга оширишни ўша вақтдаги ички ишлар вазири Шамил Атахановга буюргани айтилмоқда. Бу иш ҳам коррупцияда айблов сифатида кўрилмоқда.

* яна бир айблов «Ака Инвест» фирмаси билан боғлиқ. Пул ювишда айбланаётган бу корхона Атамбоевга алоқадор бўлиши мумкин.

* собиқ давлат раҳбари Бишкек ИЭС модернизацияси билан боғлиқ иш бўйича ҳам айбланган. Шунингдек, бу иссиқлик электростанцияси учун кўмир сотиб олишда йўл қўйилган эҳтимолий коррупция ҳолати алоҳида иш сифатида кўрилмоқда.

Кўриб турганингиздек, барча айбловлар коррупция билан боғлиқ. Атамбоев эса буларнинг барчаси ёлғон эканини, ўзининг айбсизлиги, буни керак бўлса ОАВда чиқиш қилиб исботлашга тайёрлигини маълум қилган. Атамбоев кечаги тўполонлардан кейинги чиқишида ҳам бу ҳақда таъкидлаганди.

Биринчи ҳужум ўхшамади

Атамбоевни қўлга олиш учун ўтказилган биринчи амалиёт муваффақиятсиз якунланди. Ҳар қанча ғалати туюлмасин, махсус кучлар (махсус топшириқли бўлинмалар - мамлакатнинг энг сара ҳарбийлари) собиқ президентни қўлга олишни уддалай олишмади. Биринчидан, Атамбоевнинг тарафдорлари махсус кучларга фаол қаршилик кўрсатишди. Атамбоевнинг қароргоҳида ҳарбий кийимдаги қўриқчилар ҳам бор эди. Ахир дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган одамнинг уйи турган гапки стратегик объект ҳисобланмайди. Аммо уни ҳамон ҳарбийлар ва махсус тайёргарликдан ўтган йигитлар қўриқламоқда. Нима бўлса-да, Атамбоевнинг қароргоҳи ҳарбий гуруҳ томонидан қўриқланди ва биринчи жангда улар туриб бера олишди.

Вазият шунчаликка бордики, мамлакат хавфсизлик қўмитаси раиси истеъфо сўради (Жээнбеков уни қабул қилмади). Бунга сабаб сифатида раис Атамбоевни қўлга олиш операцияси муваффақиятсиз якунланганини келтирди. «Биз 3,5 минг жангчининг барчаси билан ҳаракат қилишимиз мумкин эди. Улар қуролсиз эди», — деди хавфсизлик қўмитаси раиси Орозбек Опумбаев. Қизиғи, бу гап билан Қирғизистондаги махсус тайёргарликдан ўтган қўшин миқдори ҳам очиқланган.