Qanot Sharq Ўзбекистонда ҳудудий авиакомпания ташкил этишни режалаштирмоқда, деб маълум қилди компания муассиси Носир Абдуғаффоров Kun.uz мухбирига.
«Ўтган йил ноябрда президент фармони чиққанидан сўнг («Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» – таҳр.) биз авиакомпанияни ҳудудий авиаташувчи сифатида қайта жонлантиришга қарор қилдик. Биз ҳудудий техника ишлаб чиқарувчи учта етакчи – Embraer (Бразилия), Bombardier (Канада) ва Sukhoi (РФ) компаниялари билан учрашдик. Парвозлар географияси, парвоз жадвали ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек авиакомпаниянинг ташкилий тузилмаси тайёрланмоқда», – деди Абдуғаффоров.
Компания бошланишига 2-3та самолёт олиш ва ўз флотини мунтазам равишда кенгайтиришни режалаштирмоқда.
«Биз оёқларимиз остидаги тупроқни ҳис қилишимиз лозим»
Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, ҳукумат ҳозирча аниқ жавоб бергани йўқ. Ташаббус барча доираларда очиқчасига маъқулланаётган бўлса-да, тадбиркор бир ойдан ортиқ вақтдан буён Ўзбекистон Транспорт вазирлиги вакиллари билан учрашишга уринмоқда.
«Ёзишма бир ойдан ортиқ вақтдан бери давом этмоқда. Тўғрисини айтсам, хат ва ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати жуда катта. Ҳаммаси жуда секин кетмоқда. Ёрдам беришга гўёки тайёр, аммо барчаси чўзилмоқда. Бизга ёрдамларини таклиф қилишди ва барча масалаларни муҳокама қилишга рози бўлишди, аммо ҳозирча ҳеч ким билан учрашишнинг имкони бўлмади», – деди Абдуғаффоров.
Авиакомпания қачондан иш бошлаши мумкинлиги ҳақидаги саволга Абдуғаффоров бу унга боғлиқмаслигини айтди.
«Агарда компанияни йўлга қўйиш учун зарур бўлган барча саволларимизга жавоблар бўлса, камида 2-3 ой кетади. Учувчилар ва техник таркибни ўқитиш вақт олади, – деди у. – Ҳозирда бизга янги самолётлар сотиб олиш бўйича ишлаб чиқарувчилардан ва ҳаво кемаларини ижарага олиш бўйича лизинг компанияларидан таклифлар келиб тушмоқда, аммо бу ерда ҳеч нарса тайёр бўлмаса, уларни қандай оламиз. Биз оёқларимиз остидаги тупроқни ҳис қилишимиз лозим».
«Миллионлаб саволлар»
Qanot Sharq 1998 йилда рўйхатга олинган ҳамда юк ва йўловчи авиаташувларига ихтисослашган. 2003 йилдан 2012 йилгача компания «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКдан Ил-76 самолётларини ижарага олган ва Ўзбекистондаги биринчи хусусий авиакомпания ўлароқ ўз чартер рейсларини амалга оширган. Компания 150 мингдан ортиқ йўловчи ташиган. Барча Ил-76 самолётлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига ўтказилгач, Qanot Sharq’нинг эксплуатантлик сертификати тўхтатилган.
















