Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қизилмияни ўрганиш бўйича Ўзбекистон-Хитой илмий-тадқиқот маркази очилади
Жорий йилнинг 15 август куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги етакчи мутахассислари Хитойнинг Shaanxi YuanZheng Investment Group CO.Ltd фармацевтика компанияси раҳбарияти ва вакиллари билан учрашдилар.
Агентлик хабарига кўра, учрашувда икки томон қатор масалалар муҳокамаси ўтказилди. Ўзбекистон Республикасида қизилмия ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхона ташкил этиш шулар жумласидан.
Ўзбекистонда қулай сармоявий муҳит мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, компания қизилмия ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлаш корхонасини қуриш учун дастлабки 10 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлашни режалаштирмоқда, шунингдек, бир нечта жараённи ўз ичига олувчи кластер яратишни ҳам мўлжаллаган, яъни қизилмия ўсимлигини етиштиришдан тортиб қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва чиқиндилардан иккиламчи маҳсулот ишлаб чиқариш.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўсадиган доривор ўсимликларни, жумладан қизилмияни ўрганиш бўйича Ўзбекистон-Хитой илмий-тадқиқот марказини ҳам очиш режалар қаторидан ўрин олган. Истиқболда кадрлар алмашинувини ҳам йўлга қўйиш мақсад қилинмоқда.
Учрашув якунида, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги ва Shaanxi YuanZheng Investment Group CO.Ltd компанияси ўртасида ўзаро Англашув меморандуми ва ҳамкорлик битими имзоланди, дейилади хабарда.