Ўзбекистон | 17:08 / 20.08.2019
8929
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги сапёрлари учун амалиёт ҳафталиги ўтказилмоқда (фото+видео)

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги сапёр мутахассислари учун ҳарбий округ полигонларида амалиёт ҳафталиги ўтказилмоқда. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Жумладан, Марказий ҳарбий округдаги “Каттақўрғон” полигонида ташкил этилган машғулотларда сапёрлар мина майдондан йўл очиш, кўприк ҳосил қилиш, муҳандислик разведка ишларини олиб бориш, амалий портлатиш ҳамда муҳандислик машиналарини тавсифи ва уларни бошқариш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлмоқда. Ушбу ўқув йиғинда ёш сапёрлар малакали мутахассисларга бириктирилиб, устоз-шогирд анъаналари йўлга қўйилди.

Сапёр мутахассислиги ҳамиша Қуролли Кучлардаги энг танқис ва керакли соҳа  бўлиб келган. Портловчи воситалар билан ишлаш ва уларни амалий қўллаш бўйича Ўзбекистондаги бирдан бир ҳарбий мутахассислик. Бундан ташқари, хавфли миналарни зарарсизлантиришдаги биргина хато катта хавфни юзага келтиради, мина майдонида ҳаракатланиб ҳарбий техника ва бўлинмалар учун йўл очиш эса янада хавфли вазифа. Шу боис, сапёр бир маротаба адашади, деган нақл бор, – дейди ўқув йиғин раҳбари майор Санжар Йўлдашев. – Кучли билим ва катта тажрибага эга бўлган сапёр ўзи қатори минглаб инсонлар ҳаётини қутқариб қолади. Амалиёт ҳафталиги эса муҳандислик қўшинлари мутахассисларини малакаларини оширишда қўл келяпти.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда муҳандислик қўшинлари мутахассислари Қуролли Кучлар академияси Муҳандислик тайёргарлик кафедрасида 4 йиллик ҳарбий таълим ҳамда қисқа муддатли қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади. Шу билан бирга Халқаро ҳамкорлик доирасида чет эл ҳарбий таълим муассасаларида малака ошириш учун юборилади.

Мавзуга оид