Қуйида 2019 йил 1 сентябрдан қонунчиликда қандай ўзгаришлар юз бериши ҳақида батафсил маълумот берилади.
Никоҳ ёши ўзгаради
Президентнинг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 4296-сонли қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига кўра, ҳозирда никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш ҳисобланади.
Иш ҳақининг энг кам миқдори тушунчасидан воз кечилади
Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар тайинлаш ҳамда солиқлар, давлат божлари, жарималар, йиғимлар ва бошқа тўловларни ундириш ўртасидаги шартлар боғлиқлигини бартараф этиш мақсадида қабул қилинган Президент фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига қуйидаги миқдорлар белгиланди:
- Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – 634 880 сўм;
- Базавий ҳисоблаш – 223 000 сўм;
- Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 223 000 сўм.
Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади
Ҳукумат қарори билан «Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган. Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади.
Ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар – хизматлар кўрсатишни, ишлар бажаришни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган ва ёлланма меҳнатдан фойдаланмайдиган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини расмийлаштирган шахслардир.















