Украина президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари Алексей Гончарук Олий Рада томонидан мамлакат бош вазири лавозимига тасдиқланди. Унинг номзоди 450 нафар депутатнинг 290 нафари томонидан маъқулланди.

Сергей Супинский / AFP / Scanpix / LETA
Айни вақтда 35 ёшда бўлган Гончарук Украина тарихидаги энг ёш бош вазир бўлди. У бу лавозимда 2016 йилдан буён ишлаб келган Владимир Гройсман ўрнини эгаллади. Гройсман ҳукумат тепасига келганида 38 ёшда эди.
Гончарукни ҳукумат раҳбарлигига тайинлашни Украина президенти Владимир Зеленский парламентга мурожаати давомида тавсия қилганди.
Депутатлар мамлакатнинг янги мудофаа вазирини ҳам сайлашди - бу лавозимни Зеленскийнинг маслаҳатчиларидан бири Андрей Загороднюк эгаллади. Украинанинг НАТО қошидаги миссиясининг собиқ раҳбари Вадим Пристайко эса Ташқи ишлар вазири бўлди.
29 август куни Олий Рада тўққизинчи чақириқнинг биринчи йиғилиши ўтказилмоқда. Бугун парламентга спикер ҳам сайланди — у «Слуга народа» партияси раҳбари Дмитрий Разумков бўлди. Бу лавозимга ундан бошқа номзод илгари сурилмаганди.
Янги таркибдаги парламентнинг биринчи иш кунида янги тайинловлар ҳам бўлиши кутилмоқда.
Гончарук ким?

Алексей Гончарук - мутахассислиги бўйича ҳуқуқшунос. У Ходимларни бошқариш минтақавий академиясини тамомлаган. Бундан ташқари, Гончарук Украина президенти ҳузуридаги давлат бошқарув академиясида таҳсил олган.
Юрист Гончарукнинг иш фаолияти Городнядаги озиқ-овқат маҳсулотлари фабрикасида бошлаган. 2007 йилда у адвокат мақомини олган ва ўзининг Constructive Lawyers юридик фирмасига асос солган, бу фирма инвестиция ва қурилиш соҳаларида хизматлар кўрсатишга ихтисослашганди.
Гончарукнинг сиёсатдаги дебюти омадсиз бўлганди: 2014 йилда у «Сила людей» партияси асосчилари қаторида бўлган ва бу партия Олий Рада учун сайловларда атиги 0,1 фоиз овоз олганди. Шундан сўнг, у бир қанча вақт давомида Порошенко ҳукуматидаги Экология ва табиий ресурслар вазири Арсений Яценюкнинг маслаҳатчиси сифатида ишлади.














