Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини таъминлаш ҳамда ер участкаларининг олиб қўйиш ва мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун олиб қўйиш ер эгасининг ҳамда ердан доимий фойдаланувчининг розилиги билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг қарори асосида ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ амалга оширилиши белгиланади.

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаларини олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар ҳамда нотурар жой объектларини бузиш тўғрисида қарор, объектнинг бозор қиймати ва олиб қўйилиши сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин қабул қилинади.

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни ўрнини мол-мулк бериш, ер ажратиш ёки марказлашган жамғармалар ҳисобидан маблағ ажратиш орқали тўлиқ қопланишини таъминлаш мақсадида ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида - 3 та ходим;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлигида - 2 та ходимдан иборат шўъба ташкил этилиши;

шаҳар ва туман ҳокимликларида 1 та мутахассис штат бирлиги киритилиши белгиланади.

Бунда, шўъба фаолиятини бевосита мувофиқлаштириш тегишлича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.

Қуйидагилар янги ташкил этиладиган шўъба ва хокимлик мутахассисларининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

бузилиши режалаштирилаётган объектларни бузиш учун қонуний асос мавжудлигини ўрганиш ҳамда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилишини таъминлаш;
           
бузилиши режалаштирилган ҳудуддаги турар ва нотурар жойлар рўйхатини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш учун асослантирувчи ҳужжатларни шакллантириш;