Cambridge Assessment International Education компаниясининг етакчи мутахассислари Стив Кинг ва Доминик Слейд Британия Кенгаши лойиҳаси доирасида халқ таълими тизимини таҳлил қилди. Олинган маълумотларга асосланиб, мактабда таълимни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар бермоқда.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Cambridge Assessment International Education вакиллари Стив Кинг ва Доминик Слейд юртимизга ташрифи давомида халқ таълими соҳасида фаолият юритувчи турли ташкилотлар билан учрашувлар ўтказди. Мутахассислар учрашув доирасида қатор мактаб директор ва ўқитувчилари, шунингдек, ўқувчи ҳамда уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашди.

Хусусан, мазкур учрашувлар давомида британиялик мутахассислар халқ таълими тизимини ўрганишди. Натижаларга кўра, британиялик маслаҳатчилар томонидан халқ таълими тизимининг кучли ва заиф томонлари аниқланиб, дастлабки тавсиялар ишлаб чиқилди. Мазкур тавсиялар Халқ таълими вазирлиги раҳбариятига тақдим этилди.

Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ўқитувчилар мавқеи тобора ўсиб бормоқда. Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари муаллимларни қадрлайди. Мутахассислар томонидан ўқув дастури юқори баҳоланди.

Шу билан бирга, баъзи камчиликлар ҳам қайд этилди. Мутахассислар 10- ва 11-синф ўқувчиларига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўриш учун фанларни танлаш имконияти бериш кераклигини тавсия қилди. Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш, компетенцияли ёндашув асосида ўқитишни енгиллаштириш учун дарсликларни қайта кўриб чиқиш таклифи берилди. Шунингдек, педагогик университетларга юқори билимга эга абитуриентларни жалб қилиш зарурлиги қайд этилди.

Британиялик мутахассислар мактаблар фаолиятини баҳоловчи ихтисослаштирилган ташкилот тузишни ва ўқитувчиларни сертификатлаш тизимини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Шунингдек, экспертлар халқ таълими тизимида аниқланган муаммолар дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам хос эканлигини таъкидлади.

Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти мутахассисларга тизим бўйича якуний ҳисоботни тайёрлашда яна нималарга эътибор қаратиш кераклиги борасида ўз тавсияларини берди.

Cambridge Assessment International Education мутахассислари Стив Кинг и Доминик Слейд олинган маълумотларга асосланган ҳолда якуний ҳисобот тайёрлайди. Мазкур ҳисоботда халқ таълими тизимидаги кучли томонлар ва мавжуд муаммолар, шунингдек, тизимни такомиллаштириш бўйича тавсиялар кўрсатилади.