Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни сув ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
«Маълумки, бутун дунёда сув тақчиллиги муаммоси йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Мамлакатимизда бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, сувдан оқилона фойдаланиш чоралари кўрилмоқда. Соҳада бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги ташкил қилинди.
Давлатимиз раҳбари кўрсатмаларига мувофиқ ишлаб чиқилаётган қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегиясида ҳам сувдан фойдаланиш ва уни тежаш бўйича долзарб чора-тадбирлар назарда тутилган.
Йиғилишда суғоришдаги йўқотишларни қисқартириш, ажратилаётган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда 3 миллион 200 минг гектар ерга 46 миллиард куб метр сув сарфланиб, унинг 60 фоизи экинларга етиб боряпти, холос. Чунки жами 180 минг километр суғориш тармоқларининг 23 фоизи бетон қопламали бўлиб, улар ҳам 30-35 йилдан буён деярли янгиланмаган.
Яна бир сабаби экин майдонларининг 98 фоизи эскича услубда суғорилаётгани, экинлар номақбул жойлаштирилаётганидир. Сувдан самарали фойдаланиш, ҳисобини юритиш, ирригация тармоқларида сув тежовчи янги технологияларни қўллаш бўйича ҳеч бир ташкилот талаб қўймаяпти.
Шу боис ҳудудларнинг сув таъминоти ва уни тежаш имкониятидан келиб чиқиб, экинларни жойлаштиришнинг такомиллаштирилган тизимини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Сув хўжалиги вазирлигига Жанубий Кореянинг 7 миллион долларлик гранти ҳисобидан 61та сув хўжалиги объектида сув сарфини онлайн кузатиш имконини берувчи «Ақлли сув» тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди. Келгуси йили 120та ва 2023 йилгача 300та объектда ушбу тизим татбиқ этилади.
Энергетика вазирлигига 1 минг 700та насос станциясини 2020 йил якунигача электр энергия истеъмолининг автоматлашган назорат тизимига ўтказиш топшириғи берилди.
Умуман, соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
«Соҳада бозор механизмларини татбиқ этиш ҳам замон талаби. Негаки ҳозирда ҳатто юқори даромад келтирувчи экин майдонлари, боғлар ва токзорларга ҳам сув давлат ҳисобидан етказиб берилмоқда.
Шулардан келиб чиқиб, 2020 йилда 22та тумандаги 50та объектни давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга бериш зарурлиги таъкидланди», дейилади хабарда.

















