Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги супер-контрактлар ҳақида қўшимча расмий маълумотларни маълум қилди.

Ўқишдан йиқилиб, контрактнинг кириш чизиғига 4 баллдан ортиқ етмаган ҳамда 56,7 баллдан кўп балл тўплаган абитуриентлар учун супер-контрактнинг минимал миқдорлари тасдиқланди. 

Жорий йилда абитуриентлар учун супер-контракт тўлашда қуйидаги енгилликлар берилади:

  • супер-контракт миқдорлари стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига нисбатан ҳисобланади (яъни нархлар арзонлашади);
  • тўловчиларнинг ўз ҳоҳишига кўра стипендияли тўловлар, яъни, табақалаштирилган тўлов-контракт суммасига (бир ўқув йили учун 4,8 млн сўм) қўшимча тўлаш мумкин. Яъни агар истаса 4,8 млн сўм қўшиб тўласа, талаба ҳар ой стипендия олиши ҳам мумкин бўлади;
  • супер-контрактни йил давомида иккига бўлиб ёки ҳаттоки ойларга бўлиб тўлаш имконияти ҳам берилади;
  • бунда супер-контракт миқдорини ойларга бўлиб тўланганда ҳам, ўқув йилининг биринчи ярми учун камида 50 фоизи жорий йилнинг 1 ноябридан ҳамда иккинчи ярми учун 2020 йилнинг 1 мартидан кечиктирмай тўланиши лозим;
  • юқоридаги қоидалар кириш чизиғига 4 баллгача етмаган абитуриентлар учун ҳам амал қилади.

Маълумот учун, кириш чизиғига 4 баллгача етмаганлар супер-контрактни қуйидаги миқдорда тўлашади:

  • 1 баллгача етмаган абитуриентлар учун - 1,5 баробар;
  • 1.1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун - 2,0 баробар;
  • 2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун - 2,5 баробар;
  • 3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун - 3,0 баробар.

Супер-контракт нархлари

Тўплаган бали кириш чизиғига 4 баллдан ортиқ етмаган, лекин 56,7 дан кўп балл тўплаган абитуриентлар учун супер-контракт миқдорлари тасдиқланди. Миқдорлар ўтган йилгидан деярли ўзгармаган.

Энг қиммат миқдор юриспруденция йўналишида — 25 баробар, яъни 229 млн 184 минг сўм.

Кейинги ўринда тиббиёт йўналишиники — 20 баробар, яъни 170 млн 649 минг сўм.

Қолган йўналишлар 10 ва 15 баробар миқдорда белгиланган.