Ўтган ҳафта грин-карта лотереясининг 2019 йилги қоидаларига ўзгартириш киритилгани, хусусан эндиликда аризачилардан халқаро саёҳат паспорти сериясини киритиш талаб этилиши маълум бўлди.
Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ ҳолатда бу – жорий йилдан муомалага киритилган, 10 йил муддатга бериладиган, қизил рангли хорижга чиқиш биометрик паспортини англатади.
Kun.uz мухбири мазкур янгилик юзасидан фуқароларда туғилаётган қатор саволларга жавоб олиш мақсадида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Иммиграцион визалар бўлими бошлиғи Кори М Бендер билан суҳбатда бўлди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, ҳақиқатан ҳам бу йил грин-карта ўйнашни истовчи ўзбекистонликларга хорижга чиқиш паспортларини олишлари тавсия этилади.
– Дастур талаблари йилдан йилга қатъийлаштириб бориляпти, – деб гап бошлади Бендер. – Бунга сабаб – биз лотерея ғолиби сифатида суҳбат учун келадиган фуқаролар анкетани шахсан ўзлари тўлдирган бўлишларини истаяпмиз. Талабгорлардан яна ҳам батафсилроқ маълумотларни киритишларини сўрашдан мақсад – фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш. Демак, қўшимча маълумотлар киритиш талаби аризачини ҳам ҳимоялашга хизмат қилади.
Дастурнинг ўзбекистонлик иштирокчиларига ариза топшириш вақтида шу йил амалиётга жорий этилган қизил рангли хорижга чиқиш паспортларидан фойдаланишларини қатъиян тавсия этамиз. Лотерея қоидаларида ҳам бу аниқ белгилаб қўйилган – аризада кўрсатилган паспорт фуқарога хорижга чиқиш имконини бериши керак.
Техник жиҳатдан, дастурда қатнашиш учун кўк рангли, ички фойдаланиш учун мўлжалланган паспортдан ҳам фойдаланиш мумкин, аммо ушбу паспортда хорижга чиқиш рухсатномаси – ОВИР стикери бўлиши керак. Мазкур ҳолатда, ариза топширилаётган вақтда паспортдаги ОВИР стикерининг амал қилиш муддати ўтмаган, яъни стикер ҳали ҳам амалда бўлиши зарур.
Техник томондан имконият бўлса-да, биз рўйхатдан ўтиш вақтида амалдаги ОВИР стикери бор паспортлардан фойдаланишни тавсия этмаймиз. Чунки 2021 йилга келиб, яъни жорий йил ўйналадиган лотерея ғолиблари суҳбатдан ўтадиган вақтда ҳозирги ички фойдаланишдаги яшил паспортларнинг стикери муддати тугаган бўлади, эски намунадаги паспортлар муомаладан чиққан бўлиши ҳам мумкин. Натижада улар ҳуқуқий жиҳатдан яроқли бўлмаслиги эҳтимолдан холи эмас.
Биздаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2021 йил январидан миллий ID-тизими жорий этилиши режалаштирилмоқда. Яъни янги ID-карталар ички фойдаланишдаги яшил паспортнинг ўрнига жорий этилиши кутиляпти. Шундай бўлиб чиққан тақдирда, яшил паспорт билан ариза топширган иштирокчилар консулликдаги суҳбат вақтида улар ҳақиқатан ҳам ўзларига тегишли бўлган ва ОВИР стикери бор бўлган паспорт билан рўйхатдан ўтганликларини исботлашга тайёр туришлари лозим.







