Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий маданият ва истироҳат боғида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам сайли ўтказилди.

«Устоз — қадри буюк муаллим!» шиори остида ўтган сайлда кўргазмалар, таниқли санъаткорлар ва жажжи болажонларнинг концерт дастурлари намойиш этилди. Шунингдек, ўқувчи-ёшлар томонидан тайёрланган замонавий кўргазмалар намойиши йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам сайлда иштирок этиб, кўргазмали чиқишларда қатнашган ўқувчилар ва ўқитувчилар билан суҳбатлашди.

«Ҳозирда 80 ёшни қоралаётган бўлсам, шу пайтга қадар бугунгидек устозларга эҳтиромни кўрмаганман, — дейди фахрий ўқитувчи, физика математика фанлари номзоди Келдиёр Гадоев. — Паст Дарғом туманидаги 31-мактабни битирган қишлоқдошларимиз орасида кўпчилиги ўқитувчилик касбини танлашган. Улардан 13 нафари фан номзоди, 6 нафари фан доктори. Сайлни томоша қилар эканман, 42 йиллик ўқитувчилик фаолиятим, устозларим ёдимга тушди».