Туркия 9 октябрь куни Сурия шимолидаги курдларга қарши қуруқликдаги ҳарбий кампания бошлади. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг сўзларига кўра, «Тинчлик булоғи» деб номланган бу ҳарбий амалиётдан мақсад - Туркия чегаралари яқинида террорчилар учун йўлак қолдирмаслик ва минтақага тинчлик олиб келиш ҳисобланади.

Турк ҳарбийлари Суриянинг Туркия билан чегарадош шимолий қисмида ИШИД террорчилари ва курдларнинг Ўз-ўзини мудофаа қилиш бўлинмалари (YPG) жангчиларидан холи, давомийлиги салкам 500 километр ва Сурия ичкарисига тахминан 30 километр кириб борган хавфсизлик ҳудудини барпо этиб, бу ҳудудга айни вақтда Туркияда яшаётган 2 миллиондан ортиқ суриялик қочқинларни жойлаштиришни режалаштирган.

Туркия Сурия шимолидаги курдларни ўз миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида кўради. Туркия ҳукумати Суриядаги курдларни ўн йиллардан буён Туркия ҳудудида ҳукуматга қарши кураш олиб бораётган Курдистон ишчилар партиясига бўйсунувчи террорчилар сифатида билади. Сурия курдлари эса бу айбловни рад этишган.

Сурия шимолидаги курдлар ИШИД билан жангларда асирга олинган минглаб собиқ жангарилар ва уларнинг оилалари сақланадиган лагерларни назорат қилади. Туркиянинг ҳужуми эса бу асирларнинг қочиб кетишига ва яна бир жиддий хавф пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Одамлар чегара ҳудудларидан қочмоқда

Чегарадаги аҳоли ўз уйларини тарк этмоқда
GETTY IMAGES

8 октябрь куни кечқурун қуруқликдаги қўшинлар Туркиядан Сурия томон йўлга чиқди — улар босқинни уч йўналиш бўйлаб бошлаган; чегара ҳудудларда турк ҳарбийлари ва курдлар ўртасида тўқнашувлар юз берган.

Курдлар турк ҳарбийларига жиддий қаршилик кўрсатишларини маълум қилган

Мазкур амалиётга авиация, артиллерия ва қуруқликдаги бўлинмалар жалб қилинган. Юриш курдлар назорати остидаги тўртта шаҳар — Рас-ал-Айн, Телл-ал-Абяд, Ал-Қамишли ва Айн-Иссанинг бомбардимон қилиниши билан бошланди; ушбу шаҳарларда истиқомат қилувчи минглаб аҳоли уй-жойини ташлаб, қочишга мажбур бўлди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари маълумотларига кўра, турк авиацияси зарбалари оқибатида курд кўнгилли жангчиларидан ташқари тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлишди.