Бугун, 11 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Транспорт вазирлиги раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда автомобиль ва дарё транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Руслан Рўзиметов, Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Муроджон Абидов, Техник сиёсатни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Санжар Асроров иштирок этишди.
Берилган маълумотларга кўра, президентнинг 2019 йил 1 февралдаги Фармони билан ташкил этилган Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Республикасида ягона давлат транспорт сиёсатини юритувчи давлат органи ҳисобланиб, унга қуйидаги вазифалар юклатилган: ягона тариф сиёсатини юритиш, халқаро транспорт коридорларини ташкил этиш, транспорт логистика соҳасига ахборот технологияларни жорий қилган ҳолда уларни ривожлантириш, ягона техник назоратни юритиш кабилар.
Янги вазирликнинг ташкилий тузилмасига ҳудудий транспорт бошқармаларидан ташқари, Автомобиль йўллари қўмитаси, Фуқаро авиацияси агентлиги, Темир йўлларда юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, Йўл қурилиш ишларини назорат қилиш инспекцияси, «Ўзаэронавигация» маркази каби ташкилотлар киритилди. Бундан ташқари, вазирлик қошида Транспорт ва логистика муаммоларини ўрганиш маркази ташкил этилди.
Вазирлик томонидан транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Транспорт тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирда мазкур лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан кўриб чиқилмоқда.
Аҳолини сифатли автотранспорт хизматлари билан таъминлаш, айниқса қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳар, вилоят ва туман марказлари билан боғлаш мақсадида, 2019 йилда жами 107та янги йўловчи ташиш автомобиль йўналишларини ташкил этиш белгиланган бўлиб, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида республика бўйича 74та (режага нисбатан 100 фоиз) янги автобус йўналишлари ташкил этилган. «Фарғона-Андижон», «Фарғона-Наманган» ва «Фарғона-Бешариқ» шаҳарлараро йўналишларида мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилди. Мазкур йўналишларда «Uzautotrans service» корхонаси 14та Yutong русумли замонавий автобусларида аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни бошлади.
Қўшни Қозоғистон Республикасининг турли шаҳарларига сафарга отланаётган Тошкент вилояти туманлари аҳолисига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида «Uzautotrans service» корхонаси томонидан жорий йилнинг 13 сентябрь кунидан эътиборан «Ангрен-Олмаота», «Чирчиқ-Олмаота», «Чирчиқ-Чимкент» халқаро йўналишларида мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилди.














